Сотувчилар 20 ёшдан кичик кўринган харидорлардан ёшини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишини талаб қилишлари шарт ҳисобланади.

Чакана савдо қоидаларига киритиладиган тегишли тузатишлар ва бошқа ҳужжатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланди. Ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон интерактив давлат хизматлари ягона порталида эълон қилинди.

Унга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган савдо нуқталари сотувчиларига 20 ёшдан кичик кўринган харидорлардан ёшини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишни талаб қилиш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда. Агар унинг ҳужжати бўлмаса, бундай харидорларга маҳсулот сотишдан бош тортилади.

Шунингдек, ҳужжатга алкоголь маҳсулотларини савдо автоматлари орқали сотиш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари кўринишдаги болалар ўйинчоқлари, ширинликлар, бошқа буюмларни сотишни тақиқлашни киритиш кўзда тутилмоқда.