Шимолий Корея умумий Кэсон саноат ҳудудида Жанубий Корея корхоналарининг активлари музлатиб қўйилганини эълон қилди. Бу ҳудуддаги ишлар Пхеньян томонидан ракета учирилгандан кейин Сеул томонидан тўхтатиб қўйилган. Ҳудуддаги қурилмалар, материаллар ва маҳсулотлар музлатиб қўйилади.

Бундан ташқари, Пхеньян Жанубий Корея фуқароларига технопаркни зудлик билан тарк этишни буюрди. Бу орада Сеулда Жанубий кореяликлар чегарани кесиб ўтишгани маълум қилинди.

Таъкидланишича, Жанубий кореялик тадбиркорларнинг техкопаркдаги 124 та корхонасида 54 мингга яқин Шимолий кореяликлар ишлаган. Шимолий Корея ўзи учун зарур бўлган хорижий валютада даромад, Жанубий Корея эса арзон ишчи кучи олган.

Бундан ташқари, Жанубий Корея томонидан электр энергия узатилиши тўхтатиб қўйилди, бу эса сув таъминотининг тўхташига олиб келиши мумкин. Шимолий Кореяда, ўз навбатида, технопарк ҳарбий ҳудуд деб эълон қилинди ва икки Корея орасидаги барча каналларнинг ёпиб қўйилишига ваъда берилди.