"Челси" жамоаси ҳужумчиси Диего Коста Англия чемпионатининг 26 турида "Ньюкасл"га қарши кечадиган баҳс олдидан ўтказилган машғулот вақтида жароҳат олди. Бош мураббий Гуус Хиддинкнинг Goal нашрига маълум қилишича, Коста юзидан жароҳат олган ва бурнини синдирган.

"Коста машғулот вақида жамоадошларидан бири билан тўқнашиб кетиб, бурнини синдириб олди. Энди унинг юзига ниқоб тақилади. Умуман олганда, биз бутун бир Зорро жамоасимиз", дейди мураббий.

Жароҳат олганига қарамасдан, 27 ёшли Коста 13 февраль куни Лондонда, Тошкент вақти билан соат 22:30да бошланадиган "Ньюкасл"га қарши ўйинда майдонга тушиши айтилмоқда.

Қайд этиш керакки, бундан олдинроқ жамоанинг бошқа футболчилари Сесар Аспиликуэта ва Неманья Матич ҳам юзидан жароҳат олгани учун ўйинларда ниқоб таққан ҳолда ҳаракат қилишганди. Шунингдек, олдинги мавсумларда жамоада ўйнаган Петр Чех, Фернандо Торрес, Демба Ба, Рамирес, Баллак, Феррейра каби футболчилари, ҳамда ҳозирда ҳам лондонликлар сафида ўйнаётган Кейхилл, Терри ва Сеск Фабрегас каби футболчилар ҳам узоқ вақт давомида ниқоб таққан ҳолда майдонларга тушишганди.