Хитой чемпионати вакилларидан бири Англия чемпионатининг номдор жамоасидаги номдор футболчилардан бирини ўз таркибига қўшиб олмоқчи.

Daily Mirror нашри хабарига кўра, "Манчестер Юнайтед" футболчиси Уэйн Руни хитойликларнинг навбатдаги ўлжасига айланиши мумкин.

Хабарда айни вақтда "Шанхай Теллэйс" жамоасини бошқариб турган, ўз вақтида Англия терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаган Свен-Ёран Эрикссоннинг ушбу футболчига қизиқиш билдираётгани айтилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, Хитой футболида айни вақтда инқилобий жараён кечмоқда ва чемпионатнинг ҳар бир иштирокчиси ўз сафини 4 нафаргача легионер билан тўлдиришга киришган.

Бундан ташқари, қишки трансферлар вақтида Хитойнинг "Цзянсу" жамоаси "Шахтёр"дан бразилиялик 25 ёшли футболчи Алекс Тейшейрани 50 млн еврога трансфер қилиш орқали қишки трансферлар тарихидаги рекордни қайд этди. Ундан олдинроқ, "Гуанчжоу" "Атлетико"дан 42 млн евро эвазига Жексон Мартинесни харид қилиш орқали илк рекордни ўрнатганди.