Англиялик собиқ футболчи, «Эвертон» сафидаги ўйинлари орқали мухлисларга таниш бўлган Маркус Бент шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда ESPN хабар тарқатган.

Манбанинг ёзишича, 2015 йилнинг 13 сентябрида ушбу футболчи уйига жиноятчилар бостириб кирганини айтиб, полициячиларни чақирган. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари эса уйда Бентдан бошқа ҳеч ким йўқлигини аниқлашган. Унинг ўзи эса кокаин моддаси таъсирида полициячиларнинг кўрсатмасига риоя этмасдан, ошхона пичоғи ва гўшт майдалагич билан уларга ҳамла қилган. Шунингдек, уйдан катта бўлмаган миқдордаги гиёҳванд моддалар топилган.

Бентнинг адвокати футболчи қилмишидан афсусда эканини, ўшандан буён кокаин истеъмол қилмаганини, ўшандаги ҳаракати эса футболчиликдан кетганидан кейинги тушкунлик ҳолати бўлганини айтиб ўтган.

Ўз вақтида «Эвертон»дан ташқари, «Лестер» ва «Бирмингем» жамоаларида тўп сурган бу собиқ футболчига 2 минг фунт стерлинг жарима ва 200 соатлик жамоат ишларига жалб этиш жазоси қўлланган.