"Калибр" қанотли ракеталари билан жиҳозланган "Зеленый дол" номли Россия кемаси яқин кунлар ичида Ўрта Ер денгизидаги эскадрага бориб қўшилади. Бу ҳақда 13 февраль куни РИА Новости нашри ўзининг ҳарбий доиралардаги манбасига асосланган ҳолда хабар берган.

Бу кема Суриядаги ҳарбий амалиётларда иштирок этиши кутилмоқда.

"Буян-М" лойиҳасига мансуб "Зеленый дол" билан биргаликда Қора денгиз флотидаги "Ковровец" кемаси Севастополдан Ўрта Ер денгизига йўлга чиққан.

Кеманинг Сурия қирғоқларига жўнатилишидан аниқ мақсади айтилмаган.

Бундан олдинроқ, Россия Ўрта Ер денгизидаги флоти таркибидаги кемалар сонин 10тадан 20тагача оширишни режалаштираётгани маълум қилинганди.

"Буян-М" - "дарё-денгиз" тоифасидаги кўпмақсадли кема бўлиб, унинг узунлиги 74 метрни, сиғими 949 тоннани ташкил этади. У соатига 25 узел тезликда ҳаракатлана олиши мумкин. Унга 100 миллиметрли А-190 артиллерия бирлиги ҳамда "Гибка" ракета-зенит мажмуаси ўрнатилган.

2015 йилнинг 7 октябрида Каспий флотининг тўрт ҳарбий кемаси, чоршанба куни эрталаб Суриядаги ИШИД жангарилари позицияларидаги нишонларни йўқ қилганди.

Каспий денгизи ҳарбий флоти таркибида беш кема “Калибр” ракета комплекси билан жиҳозланган. 11661 лойиҳасига мансуб икки ракета ташувчи кема (Татаристон ва Доғистон) ва 21631 лойиҳасига мансуб уч кичик ракета ташувчи кемалар ("Град Свияжск", "Углич" ва "Великий Устюг").

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрдан Россия ҳарбий ҳаво кучлари, Сурия президенти Башар Асаднинг мурожаатига биноан, Суриядаги ИШИД жангариларига зарба бера бошлади.