Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг маълум қилишича, "Россия ва НАТО давлатлари ўзаро янги совуқ урушни бошлашди". Бу ҳақда Meduzа хабар қилган.

Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият мавжуд зиддиятлар даврида ўзаро ҳамкорликнинг аҳамиятини тўғри тушинишлари ва бу ҳамкорликни "учинчи дунё давлатларини ларзага солиш" эвазига олиб боришлари керак эмас.

"Деярли ҳар куни бизни НАТО учун, ёки Европадаги ёки Америкадаги давлатлар учун таҳдид солаётганликда айблашади. Турли қўрқинчли фильмлар ишлашади ва бу фильмларда россияликлар ядро уруши бошлаётгани кўрсатилади. Баъзида ўйлаб қоламанки, биз 2016 йилдамизми ёки 1962 йилда?", деди у Мюнхендаги конференция вақтида.

Унинг айтишича, Россия ва Ғарб давлатларининг Европа ва Атлантика ҳудуди хавфсизлиги бўйича мулоқотга киришиши дунёдаги глобал беқарорлик барҳам топишини таъминлайди.

Ўз чиқишида Медведев Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатларни илиқлаштириш ва ҳамкорликни тиклашга чақирган. У Рим папаси Франциск ва партиарх Кириллнинг 12 февралдаги учрашувини "муносабатларнинг илиқлаша бошлаши" сифатида баҳолаб ўтган.

Собиқ Иттифоқ қулагач, Россия ва НАТО ўртасида хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги масалаларни муҳокама этиш учун кенгаш тузилганди. Аммо бу кенгаш 2014 йилда Қримнинг Россияга қўшиб олинишидан кейин фаолиятини тўхтатди. 13 февраль куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан бу кенгаш фаолиятини тиклаш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича келишувга эришгани ҳақида маълум қилганди.