Ўқувчи лотинча 3-синф дарслиги муқоваси кириллча эканини пайқаб қолди

Жамият 13 Февраль 2016 14536

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги Maslahat.uz гуруҳи фойдаланувчиси  мазкур дарсликнинг муқовасида кирилл ва лотин алифбоси алмаштириб юборилганини хабар қилганди.

"Таълим вазирлиги қаерга қараяпти? 3 синфда ўқийдиган қизим топди хатони", дея ёзганди гуруҳ аъзоларидан бири.

Шундан сўнг пост остида гуруҳнинг кўплаб фойдаланувчилари баҳс-мунозарага киришишган.

Постга изоҳ ёзган фойдаланувчилардан бир қанчаси вазирликни ўз ишига ва келажак авлоднинг савод олишига эътиборсизликда айблаган.

Бошқа томондагилар эса бу хато таълим вазирлигининг эмас, босмахонадагиларнинг хатоси экани, босма ходимлари рус тилидаги китоб учун муқовани лотин тилидаги китоб блокига ёпиштириб қўйгани ҳақида айтган.

Яна бир фойдаланувчи эса, "Таълим вазирлигидагилар асосан катта хатолар қилиши, бунақа кичикларига аралашмаслиги"ни ёзиб, киноя қилган.

Ўзини Халқ таълими вазирлиги тизимида чет тиллари фанлари бўйича бўлим бошлиғи сифатида таништирган Хуршида Исоқжонова бу мунозарага қўшилган.

"Билдирилган фикрлар қайсидир маънода ўринли. Фикр ва танқидларга тўғри баҳо бера олишимиз ва уларни бартараф этишимиз яхши. Лекин, айрим ҳолларда бу каби фикрлар ижобий танқид эмас, балки қўпол тарздаги маломатлар орқали билдирилади. Мен шу соҳа мутахассиси бўлганлигим ва ҳамкасбларим ҳулосалари билан чоп этилган дарслик юзасидаги фикрларга маълумот бериб ўтмоқчиман", дейди у.

У бу жараёнда санитария эпидемиология маркази, нашриёт ходимлари, психологлар, амалиётчи ўқитувчилар ва бошқа керакли соҳа мутахассислари жалб этилиши, бу жараёнларни эса Халқ таълими вазирлиги мувофиқлаштириб боришини билдириб ўтган.

"Бу каби хатоликлар кўп учраб туришини биламиз. Лекин бу жараён жуда катта ҳисобланиб, нашриётларда айнан шу соҳадаги мутаҳассислар кам бўлиши, иш кўлами эса катта бўлиши ҳам бир сабаб. Айнан бу хатолик нашриёт хатолиги ҳисобланиб, дарсликлар нашрдан чиқарилгандан сўнг нашриёт ходимлари томонидан текширилиб, ўз муҳрлари босилади. Бу муҳр рақамланган бўлиб, нашриёт ходими рақами ҳисобланади. Бу дегани айнан ўша ходим дарслик яроқлилигини тасдиқлади, дегани.

Нашрдан текширувдан ўтган дарсликлар эса Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилган гуруҳ томонидан экспертиза қилинади. Бунда нашриётдан тиражга қараб қисман дарсликлар таҳминий олиниб бирма-бир текширилади. Бу жараёнда ҳамма дарсликларни бирма-бир кўриш имконияти бўлмайди ва нашриёт томонидан берилган ҳулосаларга ҳам таянилади.

Амалдаги дарсликлар йил давомида ўқувчилар қўлида бўлишига қарамай таҳлил қилинади ва кейинги нашрга тайёрланади.

Ушбу дарслик қайта нашр даврийлиги 2 йилда 1 марта бўлганлиги сабабли кейинги нашрга тайёрлаш жараёнида шу ва шу каби хатолар албатта ҳисобга олиниб, бартараф этилади", дейди вазирлик вакили.

У дарсликдаги хатони пайқаган ўқувчининг онасига бу борада вазирликка қўнғироқ қилишни тавсия қилган. Бу эса ўз натижасини кўрсатган.

"Халқ таълими вазирлигига қўнғироқ қилдим. Ёзиб олишди. Натижасини хабар қилишаркан. Китоблардаги камчилик бўйича 17-чи бўлиб шикоят қилибман", дейди ўқувчининг онаси.

У телеграмдан суратни жўнатгани, тез орада қўнғироқ қилиб жавоб қайтаришгани, бундай хато фақат бир нечта китобларда кузатилгани ҳақида маълум қилишганини қўшимча қилиб, вазирликнинг муносабатига яхши баҳо берган.

Мунозарага дарсликларга масъул бўлган Халқ таълими вазирлиги вакили ҳам қўшилади.

Вазирликнинг Дарсликлар ва ўқув методик адабиётларнинг янги авлодини яратиш бўлими бошлиғи Азизбек Ортиқов бу ҳолат бўйича атрофлича изоҳ берган.

"Ҳар бир дарслик тайёрланганида 7та тилда чиқади ва уларнинг оригинал макетлари ўзбек тилида бўлади. Улар таржима қилинади ҳамда ушбу дарсликларнинг 7та тилдагисининг ҳаммасини битта нашриёт чоп қилади. Бу дарсликнинг битта-иккитасига нашриёт томонидан адашиб русча нусханинг муқовасини елимлаб қўйишган. Бу дарслик бу йилдан қайта нашр қилиниши режалаштирилган", дейди у.

Унинг айтишича, ўқувчига ўша "брак" ҳолатда чиқарилган дарсликнинг ўрнига янгиси берилди.

Халқ таълими вазирлигининг вакили ота-оналарга фарзандлари фойдаланаётган китобларда мавжуд бўлган хато-камчиликлар бўйича таклифларини a.ortiqov@xtv.uz электрон почта манзилига жўнатишлари мумкинлигини ҳам маълум қилган.

Кўпроқ янгиликлар