Европа Лигасининг нимчорак финалида "Фенербаҳче"га қарши ўйинни ўтказиш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига келган Россиянинг "Локомотив" жамоаси футболчилари минган автобус маҳаллий мухлислар томонидан тошбўрон қилинди.

Бу автобусда футболчилардан ташқари мураббийлар штаби вакиллари ҳамда бир қанча москвалик мухлислар бўлишган.

"Бизни 100 нафар туркиялик полициячи қўриқлаб бораётганди. Лекин бу фойдасиз бўлди, стадионга кириш вақтида маҳаллий мухлислар автобусимизга тошлар отишди. Тошбўрон 20 сония давом этди. Кейин полициячилар безориларни тарқатиб, уларнинг айримларини ҳибсга ола бошлади", дея маълумот берган воқеа жойидаги россиялик мухбирлардан бири.

Бундан олдинроқ, Россия Футбол Иттифоқининг ижроия қўмитаси вакили ҳамда Россия Давлат думаси депутати Игорь Лебедев Туркия ҳукумати "Локомотив" жамоаси футболчилари ва россиялик мухлисларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўргани ҳақида маълум қилганди.

Шунингдек, "Фенербаҳче" жамоаси раҳбарияти ўз мухлисларидан футболга сиёсатни аралаштирмасликни ва ўйин вақтида сиёсий шиорлар айтмасликни сўраган.

Ўйин вақтида россиялик мухлислар жойлашадиган сектор Туркия полицияси ҳалқаси билан ўраб олинади.

ТАСС нашри хабарига кўра, стадион олдида россиялик мухлисларнинг автобусига ҳужум қилиниши тўхтатиб қолинган.

"Фенербаҳче" ва "Локомотив" учрашуви Истанбул шаҳридаги "Шукур Саражўғли" номли стадионда 16 февраль куни, Тошкент вақти билан соат 22:00да бошланади.

"Фенербаҳче" "Локомотив"га қарши ўйин арафасида ўз мухлисларидан футболга сиёсатни аралаштирмасликни сўради