Украина президенти Петро Порошенко мамлакат бош вазири Арсений Яценюкни ва бош прокурор Виктор Шокинни истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзишга чақирган. Бу ҳақда Украина президентининг матбуот котиби Святослав Цеголко ўз твиттерида хабар қолдирган.

"Ҳукуматга ишонч тикланиши учун президент бош вазир ва бош прокурордан истеъфога чиқишни сўради", деб ёзган Цеголко.

Бундан олдинроқ, Порошенко ва Арсений Яценюк ҳукуматнинг ҳозирча истеъфога кетмаслиги бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар қилганди.

Бундан ташқари, 16 февраль куни Рада биноси олдида минглаб кишилар Яценюкнинг истеъфога чиқишини сўраб, митинг уюштиришганди. Митинг иштирокчилари Олий Рада биносига қуёнлар ва хўрозлар келтиришган.