Эроннинг "Сепаҳон" жамоаси саудияликлар билан сиёсий зиддият туфайли Осиё чемпионлар лигаси турнирини тарк этиши мумкин.

Хабарларда айтилишича, Эронда ўтган мавсум чемпиони бўлган "Сепаҳон" ОЧЛдаги ўйинларини нейтрал майдонда ўтказишни истамаяпти.

Олдинроқ Саудия Арабистони томони ОФКдан сиёсий зиддиятлар туфайли Эрон жамоаларига қарши учрашувлар нейтрал майдонда бўлиб ўтишини сўраган эди.

"Бу муаммо бизнинг фойдамизга ҳал бўлади деб ўйлайман, аммо агар нейтрал майдонда ўйнашни буюришса турнирдан чиқиб кетмоқчимиз" - деган "Сепахон" менежери вазифасини бажарувчи Рассол Ҳорваш.

Маълумот учун, "Сепаҳон" ОЧЛнинг гуруҳ босқичида Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" жамоаси билан бир гуруҳдан ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни Саудия Арабистонида шиалар хатиби қатл этилгач, эронликлар саудияликларнинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум уюштирди. Шундан сўнг, Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларини узди. Кейинроқ бир қатор араб давлатлари, жумладан Баҳрайн, Судан ва бошқалар Эрон билан дипломатик муносабатларни тўхтатди ёки муносабатлар даражасини пасайтирди.