Кузатишлар шуни кўрсатяптики, кўпгина корхоналардаги сифат муаммоларининг асосий сабаби инсон омили экан. Булар – стандартлаштирилган ишни бажаришдаги хатолик, ишдаги бир ёки бир неча элементни ёки умумий тартиб-қоидаларни бажаришни инкор қилиш. Ишлаб чиқариш саноатида мураккаб операциялар учун хато юз беришига йўл қўймайдиган воситалар ўрнатилади. Шундай воситани кадрлар тайёрлашда ишлатса бўладими? Бу маколада мен ходимларни тайёрлаш жараёнига «хатолардан химоя қилиш воситаси» ни тадбиқ қилишни муҳокамага қўймоқчиман.

Хитой саноати арзон нархларларга асосланган рақобатбардошлиги билан бутун жаҳонга ўзини билдириб турган вақтда, европа саноати маҳсулотнинг рақобатбардош таннархи энди арзон ишчи кучи билан таъминлана олмаслигини, ва иқтисоднинг рентабеллиги унда албатта илмий-изланиш ва тажриба-конструкторлик ишлари бўлишига ва ходимларнинг мураккаб технологик вазифаларни еча олиш қобилиятига қараб белгиланишини таъкидламоқда.

Бу қуруқ гап эмас, балки бир асосли далил, ва тафовут таълим тизими ва ходимларни тайёрлаш сифатидадир. Буни кўрсатишни таққослашсиз иложи йўқ, ва бунда менга япон таълим тизими билан танишлигим ёрдам беради.
Мен 2007-2009 йиллари у ерда магистратурада ўкиганимда, фарзандларим 2008 йил июлидан 2009 йил ноябригача умумий болалар боғчаси (койху-эн), бошланғич мактаб (шё-гакко) ва бошланғич ўрта мактаб (чью-гакко) ларга боришди. Хусусий болалар боғчалари ва мактаблари ҳам бор, ва уларда таълим интеллектуал ўйинлар асосида ташкил килинган. Мен ўкиган Тойохаши Технология Университети профессори жаноб Ямаданинг тушунтиришича, бундай таълим методологик таълим деб аталади, ва у тез орада умумий болалар боғчалари ва мактабларида ҳам кўлланилинишни бошлайди.

Япон болалар боғчасида болаларга нимани ўргатишади? Ходимларни тайёрлашнинг дастлабки босқичи.

Японлар денгиз махсулотларини кўп истеъмол килганлари учун фан ва технологияда илгор, - деган гап бор. Мен эса, японларнинг муваффакияти уларнинг таълим тизимига ва болалар боғчасидан бошланадиган ходимларни тайёрлашнинг узлуксиз жараёнига боғлик, деб ҳисоблайман. Фарзандларини боғчага жойлаш учун ота-оналар маҳаллий муниципалитетнинг таълим бўлимига мўлжалларидаги муддатдан 6 ой олдин ариза топширишлари шарт. Хамма болалар яшаш жойларидаги болалар боғчасига бориши лозим. Иложсиз ҳолларда болалар оналарининг иш жойига яқин боғчага жойланиши мумкин. Биринчи куниёқ болалар боғчага рюкзаклари, устки ва ички кийимлари, пойафзаллари, идишлари, фартуклари, қалам ва бошка буюмларига исми-шарифи ёзилган ёрлиқлари (яъни, маркировка) билан келишлари шарт. Ёрлиқлар сувга чидамли ёзув билан бажарилади. Кичик гуруҳ тарбияланувчилари қизил рангдаги ва катта гуруҳ тарбияланувчилари яшил рангдаги, болани қош қорайган вақтдаги серқатнов ҳаракатда ҳам сезиларли қиладиган нур қайтарувчи тасма қадалган панамачаларни кийишлари мажбурийдир.

Одатда 2 ёки ундан каттароқ ёшдаги боғчага янги келган болани биринчи куниданоқ катталарга ўзини қандай таништиришни, кийими ва бошқа буюмларини аниқ ажратилган жойга тахлаб-териб қўйишга ўргатишади. Ёрлиқ қадаш, нарсаларни ажратилган жойга териб-тахлаш бу замонавий ишлаб чиқариш маданияти, 5S, нинг 2- ва 3-чи элементларидир. Тарбияланувчиларга кейинги кўйиладиган талаблар – берилган овқатни ҳаммасини ейиш, овқатдан кейин тиш тозалашдан ва бир ойда бир марта фтор эритмали сувда тишини чайқашдан бош тортмаслик. Агар бола яхши овқатланмаса, ота-оналарга зудлик билан ҳабар берилади, ва улар, ўз навбатида, шификорга мурожаат қилишлари зарур бўлади. Болалар боғчалари ва мактаблар учун ойлик таомномалар маҳаллий муниципалитетнинг соғликни сақлаш бўлими томонидан тасдиқланади. Ҳар ой охирги декадасининг ўртасида (келаси ой учун тузилган) таомнома нусхаси бола рюкзагида ота-оналар эътибори учун жўнатилади. Агар бола бирор-бир маҳсулот ёки таомни ея олмаса, ота-онаси бу ҳакда боғча/мактабга бир энлик хат билан хабар беради. Керакли кунда ота-оналар ўз уйларидан бола рюкзагида овқат бериб юборишади.

Тарбия режаси ўта зич. Таълимнинг хамма босқичларидаги тарбия шиори – ҳамма бола ўзлаштириши шарт (NCLB – No child left behind). Кичик гурух боғча болалари йил охирида 20 минутли саҳна чикишини бажара олишлари шарт. Катта гуруҳ боғча болаларининг 3-5 та ролдан ташкил топган саҳна чиқишлари вақти умумий ҳисобда 2 соатгача боради. Бундан ташқари ёнғин, сув тошқини ва зилзила вақтида бажариладиган ҳаракатлар ва жисмоний тайёргарлик (қувноқ стартлар) бўйича ҳам мунтазам машғулотлар олиб борилади. Тайёргарлик натижалари ота-оналарга, маориф бўлимига ва муниципалитет вакилларига йилига бир марта намойиш қилинади: фавқулодда вазиятлар бўйича – июлда, жисмоний тайёргарлик бўйича – сентябрда, бадиий кўникмалар бўйича – декабр ойи охирида. Ҳусусан олганда, менинг катта ўғлим болалар боғчасига 2008 йил июль ойидан бора бошлади, ва у хамма тадбирларда иштирок этди. Янги йил олдидан ўтказиладиган бадиий кўрик (японча «ойоги-кай», инглизча “scene play”) да у умумий 2 соатча давом этган 3 та чиқишда қатнашди. Буни мен, агар ўғлим тилни умуман тушунмаганлигини ҳисобга олсак, тарбиячиларнинг 5,5 ойда эришган жуда катта ютуғи деб ҳисоблайман.

Тежамкор мактаб кун тартиби (Lean Education Schedule), ёки ишлайдиган ота-оналар фарзандларининг қаровсиз вақтини камайтириш

Япон мактабларида ўқув йили апрель ойидан бошланади. Боланинг устида унинг исми-шарифи, мактаби номи ва синфи ёзилган мажбурий мактаб униформаси бўлади. Қизларнинг бошидаги панамка ва ўғил болаларнинг бошидаги бейсболка сариқ рангда бўлади. Рюкзакларига ичимлик термоси жойланган ва фавқулодда ҳолатларда ишлатиладиган ҳуштак илинган бўлиши керак. Хар бир мактабнинг униформаси бошқасиникидан фарқ килади ва уларда албатта қоронғи вақтда ёруғлик қайтарувчи элементлар бўлади. Бу, мантиқан олиб қараганда, доимо зилзила хавфи бўлган, аҳолиси зич жой учун бехато риоя килиниши шарт бўлган хаёт хавфсизлиги қоидаларининг бир бандидир.

Мактабга қатнашнинг дастлабки 3 куни танишув кунлари ҳисобланади ва болаларни уйларига ўз онаси ёки бувиси/буваси билан биргаликда соат 12 гача қайтаришади. 4-кундан бошлаб соат 08:00 дан 15:30 гача тўла кун тартиби бўйича машғулотлар бошланади. Ҳар бир квартал ёки кўчада яшовчи бошланғич мактаб ўқувчилари белгиланган жойда эрталаб соат 07:20 – 07:30 да йиғилишади ва у ердан мактаб кенгаши томонидан тайинланган юқори синф ўқувчилари кузатувида мактаб томон йўл олишади. Бошланғич мактаб ўкувчиларига ота-оналари ёки қаровчиларисиз дўкон ва бозорларга кириш таъқиқланган. Тўлиқсиз ўрта мактаб ўқувчилари мактабга алоҳида-алоҳида, албатта каска кийган ҳолда, ўз велосипедларига миниб боришаверади. Велосипед ўқувчи номига, иложсиз ҳолларда эса ота-оналардан бирортасининг ёки бошқа қаровчисининг номига расмийлаштирилади, ва ягона маълумотлар базасида рўйҳатга олинади. Полиция вақти-вақти билан рейд ўтказиб, велосипед техник ҳолати ва эгасига ҳақиқатан тегишли ёки йўқлигини текшириб туради.

Соат 07:50 да ҳамма болалар ўз синф хоналарида ўтиришлари шарт. Япон болаларининг ўқув кун тартибини қуйидаги жадвалдан кўриб, уни баъзи МДҲ давлатларидаги болалар мактаб кун тартиби билан солиштириб мумкин.

Жадвал. Япон ва баъзи МДҲ давлатлари болаларининг мактаб кун тартиби.

* сменага караб фарқ қилади
** хар хил шаҳар/вилоятларда хар хил

Умумий мактабларга қатновчи 16 ёшгача бўлган болалар асосий дарслардан кейин спорт ва бадиий тўгаракларга боришмайди, чунки буларнинг ҳаммаси мактаб программасига қўшилган.
Қизиқиш ва қобилиятларига қараб, болалар хар хил мусиқа асбобларида шуғулланиш учун бўлинадилар. Мусиқа асбобларининг асосан пуфлаб чалинувчи, торли ва зарбли турлари билан шуғулланишади. Ховлидаги катта спорт майдонидан ташқари, бошланғич мактабларда (шё-гакко) биттадан бассейн ва спортзал бор. Бошланғич ўрта мактабларда (чью-гакко) улар иккитадан, ва жисмоний тарбия дарсларига дзюдо, каратэ, камондан отиш, қиличбозлик, теннис, волейбол, баскетбол ва сузиш машғулотлари қўшилади.

Математика дарслари жуда жадал олиб борилади ва шу даражага етказиладики, икки хонали сонларни уч хонали сонларга кўпайтириш ва уч хонали сонларни икки хонали сонларга бўлиш кўникмалари, бир хил машқларни хар хил талқинда қайтариш орқали, калькуляторсиз автоматик ҳолда бажариладиган бўлади. Шундай одат бор – бошланғич мактабни битираётган боланинг математикадан тутган дафтарлари қалинлиги боланинг ўз бўйига тенг бўлади, бошланғич ўрта мактабни битираётган боланинг математика дафтарлари қалинлиги боланинг ўз бўйидан бир қарич баланд бўлади. Яна бир эътиборни тортадиган ҳолат: бошланғич ўрта мактабни битиргунларича болалар қаламда ёзишади.

Мактаб ўқувчиларининг ўқиш китоблари асосан халк эртаклари, масаллар ва тарихий хикоялардан ташкил топган бўлади. Бошланғич мактаб китобларида уларнинг ҳажми ярим бетдан, бошланғич ўрта мактаб китобларида бир бетдан ошмайди, ва бу уларнинг қизиқарли бўлишини ва осон ўзлаштирилишини таъминлайди.

Бошланғич ўрта мактаб ўқувчилари жумладан юнон афсоналари ва Эзоп масалларининг маъносини яхши тушунишади. Мисол учун, «Дедал ва Икар» афсонасида қуёш - ҳақиқат, қанот - билим, мум - жамиятдаги билимларнинг ўзаро боғлиқлигининг тимсоллари эканлигини кичик курсдаги япон толибларидан билдим. (Бунақа фикрни, масалан, ўзбек мактаблари бошланғич синфларининг ўқиш китобларига нисбатан айтиш қийин. Ҳикоялар ҳажми кўп ҳолларда икки варақдан ортиқ, қизиқарли эмас ва эслаб қолиш учун ноқулай.)
Физикадан амалий машғулотлар меҳнат ва табиатшунослик машғулотлари билан уйғунлаштирилади. Бошланғич мактабнинг 5- ва 6-синфларида физика ва табиатшунослик учун бита дарслик қўлланилади. Шу дасрликлар воситасида ёввойи табиат, ҳонаки ўсимлик ва ҳайвонлар билан муомала қилишни хам ўргатишади.

Жисмоний тарбия, меҳнат ва мусиқа дарслари тушликдан кейин, хафтасига уч марта ўтказилади. Меҳнат дарсларида ўқувчиларни игна, ип ва хар хил уй электр анжомларини ишлатишга ва овқат тайёрлашга ўргатишади. Биринчи ўқув йилининг охирида бошланғич мактаб ўқувчиси, агар жисмоний чегараланмаган бўлса, ўз кийимига тугма қадашни ва маиший чиқиндиларни турига қараб ажратишни, олтинчи ўқув йилининг охирига келиб эса ҳамма турдаги уй электр анжомларини ишлатишни ва ўзи учун енгил тайёрланувчи таомни пиширишни билиши шарт. Бу билан чегараланмасдан, меҳнат дарсларида (тасвирий санъат дарслари эмас) ўқувчилар лой ва бошқа осон топиладиган ашёлардан ҳайкалчалар ясашни ўрганишади. Бошланғич мактаб ўқувчиларининг меҳнат дарсларида ясаган бадиий ишлари хар йили сентябрь ойида кўрикка қўйилади. Хар бир ўқувчи бу кўрикка камида битта шахсий иши билан ёки иккита гурух ишига қатнашиб бориши керак.

Коллеж ва махсус мактаб ўқувчилари ихтисослик бўйича билим олишади, ва у билимлар диплом олди амалиёти билан соҳага таалуқли университет ёки технопарк қошида мустаҳкамланади. Япониядаги компаниялар ўз муттахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўз программаларига эга ва бу ҳаттоки ўзларининг қарамоғида бўлган университетлардан хам сир тутилади. Бакалавр ёки магистр маълумоти билан келган янги муттахассисларнинг меҳнат фаолияти одатда сотув бўлимидан бошланади.

Бу хусусда масаланинг молиявий томонига ҳам назар ташлаш керак деб ўйлайман. Япониядаги энг баланд ойлик энг паст ойликдан олти марта катта, ва муаллимларнинг ойлик маоши ўртачадан кам эмас. Кейин, япон мактабларида бирорта муаллим, оддийидан тортиб директоригача, битта жойда 3 йилдан ортик ишламайди. Муаллимларнинг жамиятдаги ўрни япон таълим тизими самарадорлигининг яна бир муҳим омили ва уларнинг ўз ишига бўлган фидокорлигининг сабабидир. Япония мисолида ортикча исбот далиллар қидирмасдан шуни билиш мумкинки, таълим жараёни, унинг ички (болалар боғчасидан олий таълимгача) ва ташқи (олий ўкув юртлари ва иқтисодиёт соҳалари орасида) алоқалари тўла таъминланса ва унга хар томонлама ва яхлит ёндашилса, мамлакатда иқтисодий муваффақиятни таъминлаши мумкин экан.

Гапимнинг охирида шуни айтмоқчиманки, ходимларнинг ишлаб чиқариш маданияти асосий қоидаларига риоя қилиш хулқини уларнинг онгига ёшликлариданоқ сингдириб бориш катта самара беради. Бундай жараённи қўллаб қувватлаш учун, халк хўжалиги бўлажак ходимларнинг шахсий ва касбий фазилатларига бўлган талаб-ҳоҳишларини таълим вазирлигига билдириб туриши лозим, ва таълим вазирлиги бу талаб-ҳоҳишларни бажариш учун узлуксиз жараёнларни ишлаб чиқиши, уларни баҳолаш меъёрларини келишиши, ва вақти-вақти билан бу жараённи такомиллаштириб туриши керак.

Бундан ташқари, бундай таълим жараёни кундалик хаётда йул ҳаракати қоидаларини бузиш, атроф муҳитни ифлослаш, маиший жихозларни эхтиётсиз ишлатиш, амалдаги жамият ва саноат қонун-қоидаларини инкор қилиш каби иллатларнинг чиқишини олдини олади. Кенг миқёсда эса, бундай таълим жараёни хар хил мураккабликдаги технологик вазифаларни бажара оладиган, технологик хизматлар импорти ўрнини босибгина қолмай, уларни экспорт қилишга қодир рақобатбардош ходимларни тайёрлашга ёрдам беради.

Фахридин Усмонов