АҚШ президентлигига етакчи номзодлардан бири бўлмиш Дональд Трамп Барак Обаманинг бўлажак сайловда тадбиркорга овоз бермаслик ҳақидаги чақирувига жавоб берди.

Дональд Трампнинг айтишича, Обама президентлик даврида тайинли иш кўрсатмади.

“Бизнинг бюджет ва харажатларимизга қаранг. Биз ИШИДни енга олмаймиз. Obamacare (оммавий тиббиёт суғурта дастури) даҳшатли аҳволда. Бизнинг чегараларимиз худди “швейцария пишлоғи”га ўхшайди” - деди Трамп.

16 февраль куни АҚШнинг президенти Обама журналистларга давлатнинг янги раҳбари Трамп бўлмаслигига умид билдиришини айтиб ўтганди.

“Мен Америка ҳалқига ишонаман. Ўйлайманки, улар президент бўлиш - масъулиятли иш эканини билишади. Бу ток-шоу ёки маркетинг эмас. Бу жуда мушкул” – дея қайд этганди Оқ уй раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда президентликка сайлов 2016 йилнинг 8 ноябрида бўлиб ўтади. Трамп ҳозирги кунда сайловчилар орасида машҳур бўлиб, сенаторлар Тед Круз, Марко Рубио ва Флориданинг собиқ губернатори Жеб Бушни ҳам ортда қолдирмоқда.

Обама ўзидан кейин АҚШ президенти Трамп бўлмаслигига ишонади