Фижи Республикаси иқлим бўйича Париж келишувини маъқуллаган биринчи давлат бўлди

Жаҳон 17 Февраль 2016 1079

Фижи Республикаси иқлим бўйича Париж келишувини маъқуллаган жаҳондаги биринчи давлат бўлди.

Янги Зеландия радиоси маълум қилганидек, бу ҳақдаги ҳужжат Фижи қонун чиқарувчиларига мамлакат бош прокури ва адлия вазири Аёз Саид-Хаюм томонидан кўриб чиқиш учун тақдим қилинди ва парламент томонидан ратификация қилинди.

Иқлим бўйича Париж келишуви 2015 йилнинг декабрида Парижда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик конвенциясининг 21-конференцияси натижаларига кўра қабул қилинган. Уни анжуманнинг 195 иштирокчиси қўллаб-қувватлаган.

Париж келишувидан мақсад иссиқҳона газларининг атроф-муҳитга чиқарилишини сезиларли даражада камайтиришдан иборат. Анжуман иштирокчилари 2100 йилгача сайёрамизда ҳаво ҳароратининг ўртача ошишини саноатгача бўлган даврдагидан 2 градусдан юқорироқ ошишига йўл қўймасликка ва бу кўрсаткични Цельсий бўйича 1,5 градус атрофида сақлаб туриш учун барча имкони бор нарсани амалга оширишга келишиб олишган.

Тинч океанида жойлашган митти Фижи орол-давлати келишувни бажариш доирасида 2030 йилгача ўзининг энергия тизимида фақатгина қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш учун ишларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Париж келишуви 2016 йилнинг 22 апрелидан 2017 йилнинг 21 апрелигача имзоланиш учун очиқ бўлади. Имзолашни бошлашнинг тантанали маросими жорий йилнинг 22 апрелида БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида бўлиб ўтади. Келишув уни умумий углерод диоксиди чиқиндилари ҳажми дунё бўйича ҳажмининг 55 фоизини ташкил қилувчи камида 55 та давлат имзолагандан кейин кучга киради.

Кўпроқ янгиликлар