Қозоғистонда 2000-2001 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистонлик ёш боксчилар тўққизта медални қўлга киритди.

Ўнга яқин давлатдан 300 дан зиёд боксчи иштирок этган мусобақада Самандар Холмуродов вазни 46 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида қозоғистонлик Сиддиқ Муҳаммедали, россиялик Кагир Минатуллаев ва Магомед Шамсаев устидан ғалаба қозониб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Вазни 70 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида Темур Мержанов озарбайжонлик Ражаб Нифталиев, қозоғистонлик Асилбек Қодирбек, Аят Айткалиев ва Бекен Пернеханни енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Ўз вазн тоифасида Абдумалик Халоқов, Наво Тамазов кумуш медални қўлга киритган бўлса, Жавлонбек Йўлдошев, Ҳалимбек Ўтегенов, Абдулазиз Абдупаттаев, Асадбек Шодибоев ва Темурбек Саъдуллаев бронза медаль билан тақдирланди, деб ёзади Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.