Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 16 февралда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг янги ўринбосарини тайинлади. Бу лавозим 4 ой бўш тургандан кейин унга Фарход Вохидов тайинланди. Тожикистон президенти 2015 йил октябрида бу лавозимдан Абдулазиз Жаловни озод этганди.

Эмомали Раҳмон матбуот хизматининг маълум қилишича, мамлакат ҳукумати қарори билан Чегара қўшинлари бош бошқармаси раиси биринчи ўринбосари – МХДҚ Чегара қўшинлари бош штаби раҳбари лавозимига Изатулло Файзуллоев тайинлади. Шунингдек, президент билан келишилган ҳолда Хатлон вилояти бўйича МХДҚ бошқармаси бошлиғи этиб Шомуддин Шарипов ҳамда Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари бош бошқармаси жанговор тайёргарлик бошқармаси бошлиғи этиб Муродали Худойбердиев тайинланди.

Шунингдек, Тожикистон мудофаа ва ички ишлар вазирликларининг халқаро ташкилотлар, жумладан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги вакиллари ҳамда мамлакатнинг турли давлатлардаги янги ҳарбий атташелари тайинланди.

Янги лавозимларга тайинланган шахслар билан президентнинг шахсан ўзи суҳбат ўтказди ва уларни ҳалол ва виждонли хизмат қилиш, давлат ва миллатнинг манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, бунда ўз хизмат мажбуриятларини сидқидилдан бажариш, малакасини ошириш, тилларни билишга эътиборни қаратишга чақириб, янги лавозимларда хизмат мажбуриятларини ўташга оқ йўл тилади.