Республиканинг барча шаҳарлари қатори пойтахт Тошкент ҳам йилдан-йилга замонавий қиёфа касб этиб, мегаполисларга ҳос барча жиҳатларга эга бўлиб бормоқда. Кўркам бино-иншоотлар, замонавий кўприклар, кенг ва равон йўллар бунёд этилмоқда. Комплекс чора-тадбирлар ва махсус режа асосида олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, бош кентнинг транспорт-коммуникация тизими ҳам такомиллашиб бормоқда.

Бу ўз навбатда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун қатор қулайликлар яратмоқда. Масалан, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларини кесиб ўтиб, Форобий, Қорасарой, Сағбон, Себзор ва Лабзак кўчаларини ўзаро боғловчи 5,1 километр узунликдаги янги Нурафшон кўчасининг очилиши шаҳардаги маълум тирбандликларнинг олдини олди, транспортлар ҳаракатини осонлаштирмоқда. Қолаверса, Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари ҳамда Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишган чорраҳаларда янги кўприклар кўчаларга кўрк, аҳоли ва транспорт воситаларига қулайлик яратди.

Айтиш керакки, махсус фармон ва қарорлар асосида пойтахтда миллий ва замонавий меъморчилик услубларини уйғунлаштирган бино ва иншоотлар қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маданий объектлар, турли муассасалар ва аҳоли турар жой бинолари пойтахт кўркига кўрк қўшмоқда. 2014 йил 20 ноябрдаги Тошкент шаҳрининг Эски шаҳар қисмида замонавий турар жойлар барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори асосида Нурафшон кўчасида қад ростлаган ўнта кўп қаватли уй-жой биносини ҳам ёрқин мисол сифатида айтиш мумкин.

Тошкент шаҳридаги йўл транспорти инфратузилмасини янада такомиллаштириш, кўчалар бўйидаги бино ва иншоотларнинг меъморий қиёфасини янгилаш бўйича ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.

Мирзо Улуғбек тумани бош архитектори Отабек Имомовнинг маълумот беришича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 5 августдаги “Тошкент шаҳрининг магистрал кўчаларини реконструкция ва модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосида йўллар кенгайтирилмоқда, замонавий ёритиш ускуналари ўрнатилиб, бино ва иншоотларнинг меъморий қиёфаси янгиланмоқда. Мирзо Улуғбек туманида, режага кўра, 232 та бино ва иншоотнинг олд қисми таъмирланиб, атрофи кўкаламзорлаштирилаяпти.

-Аммо баъзи фуқароларнинг турар жой биноларининг балконларини ўзлари билганча, меъморчилик қоидаларига, “Шаҳарсозлик кодекси”, “Фуқаролик кодекси”га номувофиқ бузиш ва таъмирлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда ва бу уларнинг ўзлари учун ҳам атрофдагилар учун ҳам хавфли, - дейди архитектор. Қурилиш-таъмирлаш ишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратилган. Бу жараёнда фуқаролар жараённинг асл мақсадини яхши англаб, турли гап-сўзлар ва миш-мишларга чалғимай, бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

-Йигирма йилдан буён Мирзо Улуғбек тумани “Олмачи” маҳалласида яшайман. Шаҳримиздаги, туманимиздаги, маҳалламиздаги ижобий ўзгаришларни ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Кенг йўллар, кўркам бинолар, кўприклар қурилмоқда. Буларнинг ҳаммаси ким учун? Албатта, биз учун. Айрим одамлар йўллар қурилиши, бинолар таъмирланиши ҳақида ҳар-хил бўхтонлар тарқатиб юрибди. Ўйлайманки, бунёдкорликни доим қўллаб-қувватлаш керак. Чунки бугун замон ўзгараяпти, қарашлар юксалаяпти. Бу жараён табиий равишда жамиятнинг ҳар бир соҳасида акс этади. Ватанимиз юксалса, чирой очса, бизнинг ютуғимиз, бизнинг фахримиз, дейди “Олмачи” маҳалласида истиқомат қилувчи Рустам Бобожонов.