"Реал"нинг собиқ бош мураббийи Рафаэль Бенитес жамоа президенти Флорентино Переснинг иш услуби ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

"Кейинги йиллар давомида "Реал"да нималар рўй берди қаранг: бу ерда Камачо, дель Боске, Пеллегрини, Моуриньо ва Анчелотти ишлади. Бу жамоада бош мураббий бўлиш жуда қийин. Бу жамоа раҳбарияти талабига жавоб бериш учун идеал бўлишинг керак.

Раҳбарият натижалар кутилганидек кечмаётганини кўришса, мураббийни ишдан олишга киришади. Мен билан рўй берган вазиятда ҳам аҳвол яхшиланишига ишониб тургандим. Лекин барча асабийлаша бошлади, мухлислар ҳам, футболчилар ҳам, президент ҳам. Натижада, ҳаммасига мураббий айбдор қилинди.

Омадга эришишнинг гарови - ишнинг тадрижий ривожлантирилишидир. Мадридликларга Испанияда ўз ўйин услубига эга бўлган "Барселона" билан рақобатлашишга тўғри келади. Аммо "Реал" ҳар йили мураббийларни ўзгартиради ва иш ҳар сафар нолдан бошланади. Шу сабаб "Барселона" кейинги 7 мавсумда 5 марта ғолиб чиқди. Мадрид клублари эса — бир мартадан.

"Барселона" сўнгги 8 йил ичида 6 марта Испания Кубоги финалига чиқди, жамоа сўнгги вақтларда "Реал"дан икки баробар кўп унвон қўлга киритган. Мен ҳисоблайманки, барқарорлик, изчиллик – бу муваффақият калитидир.

Перес ниманидир ўзгартиришга, "Реал"ни муваффақиятли лойиҳага айлантиришга ҳаракат қиляпти, ечим излаяпти, аммо "Барселона" кўпроқ ғалабалар қозонишда давом этаяпти", — деди Бенитес.