Австралия ҳукумати Жануби-Шрқий Осиёнинг бир неча давлатлари ҳукуматлари билан бу давлатларга жорий ўн йилликнинг бошида Австралияга келишга уринган ноқонуний муҳожирларни кўчириб ўтказиш бўйича махфий музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда The Sydney Morning Herald газетаси хабар берди.

Газета маълумотларига кўра, бундай музокаралар Малайзия, Филиппин, Индонезия ва газета манбалари номини айтишдан бош тортган яна учта давлат билан олиб борилмоқда.

Айни вақтда Австралия томонидан Манус (Папуа-Янги Гвинея) ва Науру оролларида очилган муҳожирлар марказларида 1,5 минг муҳожир сақланмоқда, улар асосан Ўрта Шарқ ва Осиёнинг ночор давлатларидан келган муҳожирлардир. Бу муҳожирлар Индонезиядан Австралияга яширинча кемаларда ўтмоқчи бўлган, бироқ Австралия соҳилбўйи қўриқлаш хизмати томонидан қўлга олинган. Муҳожирларнинг бу марказларда сақланиш шароитлари маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилотлари томонидан кескин танқидга учрамоқда ва Австралия ҳукуматини уларни жойлаштиришнинг бошқа йўлларини излашга мажбур қилмоқда. Австралия ҳукумати бу муҳожирлар ҳеч қачон мамлакатга қўйилмаслигини таъкидламоқда.

Жорий ўн йилликнинг бошида Австралияда ноқонуний муҳожирлик муаммоси жуда кескин турган – 2012 йилда Австралияга кемаларда 17 мингга яқин, 2013 йилда эса 15 мингга яқин муҳожир кўчиб ўтган. 2013 йилдаги сайловларда ҳокимият тепасига келган Либерал-миллий коалиция ҳукумати Австралия ҳарбий-денгиз флоти муҳожирлар кемаларини очиқ океанда тутиб, уларни ортларига қайтишга мажбур қилишини ҳамда ноқонуний муҳожирлардан бирортаси Австралия фуқаролигини ҳеч қачон ололмаслигини эълон қилган. Шундан кейин Австралияга ноқонуний миграция деярли барҳам топган.