Франциянинг Па-де-Кале департаменти ҳудуднинг жанубий қисмидаги лагердан қочқинлар 23 февралгача кўчирилиши кераклиги бўйича қарор қабул қилди.

"Шу муддатгача лагерда қолган қочқинлар кўчирилади", дея хабар беради ҳукумат расмийлари.

Шундан кейин лагернинг деярли ярмини ташкил қилувчи, жанубий қисм бузиб ташланади.

Ҳисоб-китобларга кўра 800-100 нафар одам ўз яшаш жойини алмаштириши талаб этилади.

Қочқинларнинг кўчирилишига қарши чиққан инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг гапига кўра, бузиб ташланадиган ҳудудда, 2 баробар кўп қочқинлар яшашади.

Қочқинларга махсус жиҳозланган уй-жой модулларига кўчишни таклиф қилишмоқда. Ҳукумат ушбу уй-жойларга 25 млн евро сарфлаган.

Кейинги икки йилда "Жунгли" номи билан машҳур бўлган Каледаги лагерда қочқинлар сони бир неча баробар кўпайган.

Лагер кичик шаҳарга айланиб улгурган. Лагерда дўконлар, ресторан, диний муассасалар, ҳатто театр ҳам бор.

Январь ойида, ҳукумат масжид ва муҳожирлар учун қурилган мактабни бузиб ташлагани ҳақида хабар берилганди.