АҚШ президенти Барак Обама 19 февралда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали суҳбатда Туркия НАТО доирасида қўллаб-қувватланишини ва Туркия ўзини ҳимоя қилишга қонуний ҳуқуққа эгалигини айтди. Бу ҳақда Эрдўған маъмуриятига иқтибос келтирган ҳолда Anadolu агентлиги маълум қилди. 

Обама Туркия ва Суриянинг ўртамиёна муҳолифатига қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатларнинг зудлик билан тўхтатилишига чақириғини такрорлади. Агентлик манбасининг хабар беришича, Обама ва Эрдўған Россия ва Сурия президенти Башар Асаддан Сурияда ўртамиёна муҳолифатга қарши ўқ отиш ва бомбардимонларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилишди. 

12 февралда Мюнхенда Сурияни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра бир ҳафта ичида Суриянинг барча қисмларига гуманитар юкларни етказиш масаласини ҳал қилиш ва мамлакатда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш зарурлигига келишиб олинди. Яқин кунларда шу мақсадда иккита ишчи гуруҳ иш бошлайди, гуруҳлардан бири  ўт очишни тўхтатиш, иккинчиси гуманитар масалалар билан шуғулланади.