ОАВга Xiaomi компаниясининг мобиль процессорлар бозорига чиқишга тайёрланаётгани маълум бўлди. Хитой компанияси ўз чипларини қиммат бўлмаган телефонларда ишлатмоқчи.

Reuters ахборот агентлигининг хабардор манбага иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, 2016 йилнинг 2-ярмида Xiaomi ўз процессорлари билан жиҳозланадиган смартфонларни чиқаради. Гап RedMi Note сериясидаги арзон ва ўртамиёна нархлардаги қурилмалар ҳақида кетмоқда.

Агентликнинг маълум қилишича, Xiaomi жорий йилда қанча чип ишлаб чиқариши ҳақида маълумот йўқ. Компаниянинг ўзида бу маълумотга изоҳ берилмади.

Агентликнинг таъкидлашича, Xiaomi чиплар жаҳон бозорига чиқиб, унда инқилоб қилиши мумкин ва Хитой смартфон ишлаб чиқарувчилари учун процессор етказиб берувчи энг йирик компаниялар бўлмиш Qualcomm ва MediaTek’га рақобатчилик қилиши мумкин.

Gartner таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, Xiaomi жаҳоннинг етакчи смартфон ишлаб чиқарувчилари бешталигига киради. Компания 2015 йилда 65,6 млн дона смартфон сотган, бу жаҳон бўйича сотилган смартфонлар умумий миқдорининг 4,6 фоизини ташкил қилади. Кейинги ҳафтада Xiaomi’нинг янги Mi 5 смартфони тақдимоти бўлиб ўтади. Бу смартфонда Qualcomm Snapdragon 820 процессори ишлатилгани айтилмоқда.