Ўзбекистонлик журналист Давронбек Тожиалиев Facebook`даги саҳифасида фуқароларни Тошкент шаҳрига вақтинча рўйхатга олиш тартиблари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди. Журналист бу жараённи бошдан охиригача ўрганиб, бу учун керак бўладиган зарурий ҳужжатларни аниқ, равон ва изоҳлари билан тушунтириб беришга ҳаракат қилган.

“Tafsilot.uz'дан ҳужжатлар рўйхати билан танишиб, "вақтинча прописка" учун қоғозларни тайёрлаб, Мирзо Улуғбек тумани ИИБнинг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бордим. Кўпчилик навбат кутиб турибди. 54-чи бўлиб ёзилдим. Унгача “стол услуг”га кириб, белгиланган ариза, уй эгаси номидан ариза ва манзил варақасини тўлдиртирдим. Бу хизмат учун 6000 сўм тўлайсиз. Бошқа ҳужжатлар ксеронусхаси учун алоҳида ҳақ тўланади. “Стол услуг” хизматчиси ишхонадан хат бор-йўқлигини сўради. Мана, деб бердим. Уни кўраркан, давлат идораси бўлса ўтади, хусусий фирмаларникини қабул қилишмаяпти, деди.

Тезда ишонч телефонларига қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган хизматчидан "вақтинча прописка" ҳақиқатан ҳам фақат давлат идоралари/корхоналари хизматчилари учун қабул қилиняптими, хусусий ташкилотлар учун ҳали очилмадими, деб сўрадим. У буни тасдиқлади. Нодавлат корхоналар учун ҳам тез орада очилади, ҳозир фақат давлат корхоналари ишчилари, талабалар, чет-эл фуқароларигина рўйхатга олинаётганини айтди.

"Вақтинчалик прописка" олиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинар экан:

1. ИИВ томонидан белгиланган намунадаги ариза (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади).

2. Уй эгаси номидан ариза (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади).

3. Манзил варақаси (Адресный листок прибытия) (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади).

4. Фуқаронинг паспорти ва паспорт нусхаси.

5. Казарма, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган хизматчилар учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг ёки шартнома бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси.

6. Болаларни рўйхатга қўйиш учун, агар улар 16 ёшга тўлмаган бўлишса, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ҳамда 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат.

7. Уйнинг кадастр ҳужжатларининг нусхаси.

8. Уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (олди-сотди ёки ҳадя шартномаси, Давлат ордери, мерос гувоҳномаси, ҳокимлик қарори ва ҳоказо).

9. Уй эгасининг паспорт нусхаси.

10. Давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

11. Нотариус томонидан тасдиқланган ижара шартномаси нусхаси.

12. Фуқаро яқин қариндошларини (ота-ота фарзандларини, фарзандлар ота-онасини, эр хотинини, хотин эрини) вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, яқин қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар.

13. Давлат корхонасида ишловчи ижарага турувчининг ишхонасидан уни “вақтинча прописка”га қўйиш тўғрисида расмий илтимоснома.

Агар ҳужжатлар жойида бўлса, 2-3 кун ичида қайд варағини қўлингизга олишингиз мумкин экан.

Журналист жараённи ўз бошидан ўтказиб, мулоҳазаларни баён қилар экан, “Аҳолисининг каттагина қисмини вилоятликлар ташкил этувчи Тошкент шаҳри учун "Вақтинчалик прописка" мавзуси долзарб масала. Бу ҳақда тўғри, аниқ ва ишончли маълумот бериш давр талаби. Ички ишлар вазирлигининг mvd.uz деган сайти бор. Нима учун шу сайтда бу ҳақда расмий хабар ва ҳужжатлар рўйхати ҳалигача эълон қилинмаган? Нима учун фуқаролар асл манба турганда бошқа сайт ва Facebook саҳифаларидан ёки “стол услуг”да ҳужжатлар рўйхати чоп этилган қоғозчани 200 сўмга сотиб олиб маълумот олиши керак? Текин ва ишончли маълумотни расмий сайтда берилса, ўша сайтнинг нуфузи ҳам ошади-ку ахир. Ариза намуналарини сайтда берилса ёки ягона интерактив давлат хизматлари порталида амалга оширса бўлади-ку!”, дея фикрларини хулосалайди.