Қозоғистонлик мансабдор 1 миллион долларни ўзлаштиришда айбланмоқда

Жамият 22 Февраль 2016 1788

Қозоғистонда Миллий матбуот клуби раиси Сейтқази Матаев 1 миллион доллар миқдоридаги пулни ўзлаштирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди.

Матаев давлат ахборот сиёсатини юритиш учун ахборотлаштириш қўмитасига ва "Казахтелеком"миллий компаниясига ажратилган маблағларни ўз манфаати йўлида сарфлаганликда гумон қилинмоқда", дейилади ТАСС хабарида.

Бу ҳақда давлат хизмати масалалари вазирлиги қошидаги Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси маълум қилган. 

Унинг ҳисоботига кўра, Миллий матбуот клуби ва КазТАГ ахборот агентлиги билан шартнома имзоланган ахборотлаштириш қўмитаси (80 миллион тенге - 222 минг доллар) ва "Казахтелеком" (260 миллион тенге - 722 минг доллар) ўтказган пуллар клуб раиси Матаев Сейтқази томонидан нақдлаштирилган ва ўзлаштирилган. Бундан ташқари, у 327 миллион тенге (908 минг доллар) миқдоридаги солиқларни тўламаганликда ҳам айбланмоқда.

КазТАГ ахборот агентлиги бош директори Асет Матаев қўлга олинганлиги ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.

51 ёшли Сейтқази Матаев медиа соҳасида кўзга кўринган шахслардан бири. У 1991-1993 йилларда президент матбуот котиби, кейин 1994 йилгача бош вазир матбуот котиби вазифаларида ишлаган, шунингдек, ОАВ бўйича жамоатчилик кенгашини бошқарган, ҳозир эса Қозоғистон ёзувчилар Уюшмасига раҳбарлик қилаётганди.

Миллий матбуот клуби 1997 йили журналистлар жамоат бирлашмаси сифатида ташкил этилган ҳамда брифинг ва матбуот-анжуманлари ўтказиш борасида асосий майдон ҳисобаланади. 2008 йили Миллий матбуот клуби КазТАГ ахборот агентлигига муассислик қилган.

Кўпроқ янгиликлар