Футзал бўйича Осиё чемпионати финалида Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўртасида кечган ўйиндан кейин Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мендез матбуот анжуманида иштирок этди.

“Биз Эрондек кучли жамоага қарши ҳам ўйнай олиш мумкинлигини исботлаб бердик. Бу эса – энг муҳими. Биз бу мусобақада эришган натижамизга ҳозир тушуна олмаётган бўлишимиз мумкин, чунки ҳиссиётлар жўш урмоқда.

Мен йигитларга раҳмат айтаман. Биз мусобақа давомида кучли рақибларга қарши ўйнадик. Эрон эса анча осон жамоалар билан куч синашди. Балки шу сабабга кўра бугун жисмоний ҳолатимиз у қадар ўзимиз кутгандек бўлмагандир.

Бугунги ўйиндаги шиддатга мухлисларнинг ҳиссаси катта. Яна такрорлайман, мен 20 йиллик фаолиятим давомида ўзбекистонликлардек мухлисларни кўрмаганман.

Эрон терма жамоаси илк дақиқаларда ўз ўйинини намойиш эта олмаса, кейин шашти пасайиб қолишини билган эдик. Рақиб аввалги ўйинларда тезкор гол уриб олгач, кетма-кет дарвозани ишғол этишга тушиб кетарди. Бугун эса бунга йўл қўймадик”- дейди Хосе Мария Мендез.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ўтказилган футзал бўйича Осиё чемпионати финалида Эрон 2:1 ҳисобида Ўзбекистондан устун келди.