Лондон четида яшовчи Сэм Смит ўз исмини "Bacon Double Cheeseburger" (Беконли қўш чизбургер) деб расман ўзгартирди, деб ёзмоқда Evening Standart нашри.

Смит пабдаги ўтиришда дўстлари билан исмлар борасида баҳслашганидан кейин бундай қарорга келган. Мистер Чизбургер, ўша куни керагидан ортиқ спиртли ичимлик истеъмол қилиб юборганини айтмоқда. Эркакнинг айтишича, севимли бургерининг номи унинг миясига ўша онда келган биринчи антиқа ном бўлган.

33 ёшли британияликнинг айтишича, узоқ сафарларда унинг исми шубҳа уйғотмайди, бироқ Европага сафарларида меҳмонхона ходимлари бу исмни эшитиб, шубҳалана бошлайдилар. Эркак ўзининг ишчи мактубларини B D Cheeseburger деб имзоламоқда.

Таъкидланишича, Смитнинг дўстлари, ҳамкасблари ва отаси унинг бу қилмишига хайрихоҳлик билан қарашган, бироқ онасининг бундан кўнгли ғаш бўлган. Смитнинг қаллиғи Изабелла ҳам бунга қарши чиқмоқда, чунки ҳеч ким эрининг исми Бекон бўлиши, ўзи эсаЧизбургер фамилиясини олиб юришни истамайди.

Агар улар орасида тўй бўладиган бўлса, Беконли Қўш Чизбургер ўз исмини яна ўзгартиришни режалаштирмоқда, бироқ қилган ишидан афсусда эмаслигини айтди. Унинг айтишича, бу яхшигина ҳаётий тажриба бўлиб, бундан воқиф бўлган ён-атрофдагиларга хурсандчилик улашади.