Cамарқандда иссиқхоналар ер ости сувидан иситилмоқда

Ўзбекистон 23 Февраль 2016 10843

Оқдарё туманидаги Суғончи маҳалласида Шамсиддин Шихназаров хонадонида 15 сотих томорқага ҳовлининг бир қисмида табиий иситиладиган иссиқхона қуриб, лимон ва сабзавот етиштирмоқда.

Мазкур ҳудудда ер ости сувлари жуда яқин – 2-2,5 метрдан сув чиқади. Шу боис, ерни қазиб, иссиқхона ташкил этиш қийин. Лекин бунинг ҳам фойдали томонлари бор. Яъни, ер юзасида иссиқхона қуриб, уни ер ости суви билан иситиш мумкин. Шихназаровлар хонадони буни амалда синаб кўришди.

“Беш йил олдин ҳовлида 10x20 метрлик иссиқхона қурдик ва устини икки қават қилиб полиэтилен плёнка билан ёпдик. Иссиқхонанинг бир бурчагидан 1x2 метр кенгликда 2 метр, ер ости сувигача чуқур қазиб қўйдик. Совуқ пайтда сувдан кўтариладиган буғ билан иссиқхонада мўътадил ҳароратни сақлаш мумкин экан. Лимон парваришлашни билмасам-да, китобдан ўқиб-ўрганганларим асосида 10 туп лимон кўчати экдим. Парваришини оби-тобида қилиб, новдаларини кесиб турдим. Меҳнатимиз 2-3 йилда ўз самарасини бера бошлади. Бу йил ҳар бир дарахтдан 60-70 кило ҳосил олдик”, дейди оила бошлиғи ЎзА мухбирига берган интервьюсида.


Маълумотларга кўра, ҳозирда Самарқанд вилоятидаги 503 мингдан ортиқ аҳоли хонадонининг 59 минг 500 гектардан зиёд томорқаси бор. Жорий йилда ушбу майдоннинг 11,5 минг гектарига картошка, 18,4 минг гектарига сабзавот, 3,2 минг гектарига полиз ва 14,7 минг гектарига озуқа экинлари экиш режалаштирилган. Шунингдек, 1 миллион 185 минг туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилади.

Кўпроқ янгиликлар