2016 йилнинг 22 февраль куни Рига шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг ўн учинчи раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайти хабар берган.

Латвия делегациясига Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби ўринбосари, ТИВ сиёсий директори Эдуардас Стипрайс бошчилик қилди.

Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари батафсил муҳокама қилинди, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси таҳлил қилинди ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон-Латвия олий даражадаги мунтазам учрашувлари ўзаро манфаатли муносабатларининг негизи ҳисобланади ҳамда ушбу алоқалар томонларнинг биргаликдаги сайъ-ҳаракатлари билан яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниб жадал ривожланиб бормоқда.

Томонлар бир-бирларини узоқ муддатли ва ишончли ҳамкор деб ҳисоблайдилар.

Муносабатлар очиқлик ва манфаатларни эътироф этишга асосланади ҳамда сиёсий мулоқот, парламентлар ва давлат идоралари ўртасидаги алоқалар, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳалари каби йўналишларни қамраб олади.

Суҳбат чоғида 2016 йилга мўлжалланган турли даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон делегацияси Латвия ТИВ давлат котиби Андрей Пилдегович билан учрашув ўтказди.