Ўзбекистан давлат жаҳон тиллари университетида илк маротаба “Хорижий тил ва адабиёти” йўналиши бўйича таҳсил олаётган бир гуруҳ иқтидорли талабалар томонидан “Spelling Union Competition” (инглиз тилида сўзларни ҳарфлаб талаффуз қилиш) кўрик танлови ўтказилди.

Инглиз тили 3-факультети профессор-ўқитувчиси Ё.Қ.Шарипова илмий раҳбарлиги остида ўтказилган ушбу ташаббусни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад талабаларни назарияда олган билимларини амалиёт орқали такомиллаштириб, илмий изланишларнинг натижасини кўришдан иборат.

Танлов 3 босқичда ўтказилиб, ҳар бир босқичда, ҳар бир иштирокчига ҳакамлар томонидан, инглиз тилида 3 тадан сўз айтилади ва 50 секунд давомида сўзни ҳарфлаб таллаффуз қилиш талаб этилади. Ҳар томонлама жисмонан соғлом бўлган талабалар билан бир қаторда, кўриш имконияти чекланган талабалар ҳам ўзгача иштиёқ билан иштирок этдилар. Улардаги тил ўрганишга бўлган қизиқиш юқори эканлиги намоён бўлди. Мусобақа якунида ғолиблар учун эсдалик совғалар тақдим этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон давлат концерваторияси ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг иқтидорли талабалари томонидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида қўшиқлар куйланди..

ЎзДЖТУ Инглиз тили 3-факультети
Талаба: Зияева Мадина
Илмий раҳбар: Шарипова Ёқутхон