McLaren компанияси 570GT (Gran Turismo) деб номланган "энг фойдали ва қулай" суперкарни намойиш қилди. У 570S ва 540C купеларидан кейин Sport Series қаторидаги 3-автомобиль бўлди.

McLaren 570GT стандарт версиясидан ўзгача том ва орқага ташланувчи ойнаванд панель пайдо бўлган кузовнинг орқа қисми билан фарқланади. Бу панель кабина орқасида жойлашган 220 литр сиғимга эга юкхонанинг устини ёпади. Купенинг олд қисмида ҳам 150 литр сиғимдаги юкни ташиш мумкин бўлган юхона жойлашган. Шу тариқа юкхоналарнинг умумий сиғимдорлиги 370 литрни ташкил қилган.

McLaren 570GT овозни изоляцияловчи ва қуёш радиациясини ютувчи материал билан қопланган қорайтирилган панорамали том олди.

Пружиналарнинг қаттиқлиги олди ва орқадан мос равишда 15 ва 10 фоизга нотекис юзалар бўйлаб қулай ҳаракатланиш учун камайтирилган. Кўндаланг барқарорлик стабилизаторлари ҳам модификацияланди, шунингдек, адаптив амортизаторлар ишига жавоб берувчи электроника созланмалари ўзгартирилди.

McLaren 570GT’нинг оғирлиги 1350 кг ни ташкил қилаи, бу эса 570S купесидан 37 кг га оғирроқ. Янги модель салондаги шовқин даражасини камайтириш учун махсус модернизация қилинган Pirelli P Zero покришкалари олди.

"Ҳар кун учун мўлжалланган" суперкар чарм салон ҳамда электр регулировкали рул колонкаси ва ўрндиқлар билан таклиф қилинади.

Машина 3,8 литрли, 8 цилиндрли твин-турбо мотор билан жиҳозланган, у 570 от кучига эриша олади. Узатмалар қутиси 7 поғонали, "робот" турида, иккита илашишга эга.

Янги машина 100 км/cоат тезликка 3,4 сонияда, 200 км/cоат тезликка эса 9,8 сонияда эришади. Машинанинг максимал тезлиги 328 км/соатни ташкил қилади.

Янги автомобиль Женева автосалонида намойиш қилинади. Унинг нархи 214,6 минг доллардан бошланади. 2017 йилда McLaren Sport Series суперкарлари оиласи очиқ кузовга эга янги модификация билан тўлдирилади.