Бу йил атоқли композитор, бастакор, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасининг муаллифи, ўзбек санъати ривожига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурҳонов таваллудига 100 йил тўлади. Шу муносабат билан бир қатор ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда бастакорлар, санъаткорлар, адиблар ва олимлар иштирокида Мутал Бурҳонов ижодига бағишланган илмий-амалий конференция, учрашувлар, бадиий-маърифий кечалар, анжуманлар ташкил этилмоқда.

Композитор ўз ижодий фаолияти давомида “Эй, булбул”, “Ишқ ўти”, “Гул диёрим”, “Гўзал Фарғона”, “Ватан қўшиғи”, “Табассум қилмадинг”, “Юрак садоси”, “Келса ногоҳ...”, “Нега тарк этдинг”, “Унутмас мени боғим”, “Шоир орзуси”, “Баҳор қушлари” сингари романс, қўшиқлар, яккахон ва симфоник оркестр учун баллада, романс-поэма, вокал-симфоник поэмалар яратган.

Қолаверса, у биринчилардан бўлиб “Гўзал қизга”, “Ёрларим”, “Сари кўҳи баланд”, “Заррагул”, “Бибигул”, “Айрилиқ”, “Сайра”, “Дударай”, “Чашми сиёҳ”, “Гули гандум”, “Дамкул-дамкул” каби ўзбек, қорақалпоқ, уйғур, қозоқ, афғон, тожик, эрон халқ қўшиқларини акапелла хори учун мослаштирган.

Мутал Бурҳонов миллий мусиқа санъати, маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.