"Рома" президенти Тоттига шартномани узайтириш ёки ёрдамчи мураббий бўлишни таклиф этмоқда

Спорт 25 Февраль 2016 1122

Италиянинг "Рома" жамоаси президенти Жеймс Паллотта жамоанинг узоқ йиллик сардори Франческо Тотти билан шартномани узайтирмоқчи. У футболчига яна 1 йилга шартнома тузиш ёки жамоа бош мураббийи Лучано Спалеттига ёрдамчилик қилиш таклифини билдирган. Бу ҳақда Corriere dello Sport нашри хабар тарқатган.

Бундан олдинроқ, 39 ёшли бу ҳужумчи телеканаллардан бирига берган интервьюсида ўзига жамоада ҳурмат билан муносабатда бўлишмаётгани, хусусан жароҳатидан тузалган бўлсада, Спалетти унга ўйин амалиёти бермаётганидан норозилиги ҳақида айтиб ўтганди. Шундан сўнг, Спалетти уни А сериянинг 26 тури доирасида "Палермо"га қарши ўйин қайдномасига киритмади ва унга уйига кетиши мумкинлигини айтди.

Нашрда ёзилишича, Паллотта яқин вақт ичида Тотти билан музокара ўтказади. Агар келишувга эришилса, футболчининг Спалетти билан тушунмовчиликларига барҳам топишига умид қилинмоқда. Паллотта Тоттига клуб бошқарув тизимида иш топишга ҳаракат қилмоқда. Манбанинг ёзишича, Паллотта Тоттини жамоа вице-президенти сифатида кўришни кўпроқ истамоқда.

Унга 6 йил давомида "Рома" менежери бўлиш таклиф этилмоқда. Бу таклифга кўра унинг йиллик маоши 600 минг евро бўлиши назарда тутилган. Айни вақтда "Рома" спорт директори Вальтер Сабатини ҳам шунча маош олади.

Тотти жорий мавсумда "Рома" сафида 6та ўйин ўтказди ва бир гол уриб битта голли узатма муаллифи бўлдди. Унинг амалдаги шартномаси 2016 йилнинг ёзига қадар тузилган.

Спалетти "Рома" бошқарувига январь ойида келди. У бундан олдин ҳам, 2005-2009 йилларда "бўрилар" жамоасини бошқарган. Жамоа унинг раҳбарлигида икки марта Италия Кубоги соҳиби бўлган (2006-2007, 2007-2008), 2007 йилда Италия Суперкубогида зафар қучган.

"Рома" айни вақтда Италия чемпионати жадвалида 26 ўйиндан 50 очко жамғарган ҳолда тўртинчи ўринда бормоқда.

Франческо Тотти: Вазият ўзгармаса «Рома»да қола олмайман

Спаллетти: «Тоттига Гиггз каби ёрдамчи мураббий ёки Недвед каби жамоа директори бўлишни таклиф қилганман»

Спалетти Тоттини таркибдан чиқарди ва уйига жўнатиб юборди

Кўпроқ янгиликлар