Одам инсофини йўқотса, қинғирликнинг ҳар қандай турини ўйлаб топади. Кўчадаги одамларни макр билан алдаб, пул топишни ўзига одат қилган тошкентлик аёл ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланди.

“Огоҳ” газетасининг ёзишича, муқаддам судланган аёл Яшнобод туманидаги серқатнов йўлда “Ласетти” русумли такси автомашинасини тўхтатади. Айтган манзили бўйича келишиб, машинага ўтиради. Асалобод даҳасида автомобилни тўхтатишни сўраб, кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи дугонасиникидан хонадони калитини олиб чиқиш кераклигини айтади.

Аммо ўзининг ногиронлигини билдириб, буни таксичидан илтимос қилади. Ёлғонларга “лаққа” тушган ҳайдовчи у айтган уйга чиқиб кетади. Режаси амалга ошган маккора аёл эса автомобилдаги икки ярим миллион сўмни ўғирлаб, жуфтакни ростлайди.

Аниқланишича, жиноятчи бир неча бор одамларнинг пулини шу усул билан ўғирлаб кетган. Бироқ “Кўза кунида синар” деганларидек, навбатдаги ҳайдовчининг 1 миллион сўм пулини ўмараётганда қўлга тушган ва тегишли жазога тортилган.