Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду Испания чемпионатининг 26-турида "Атлетико"га қарши кечган учрашувдан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди. Учрашув "Атлетико" фойдасига 0:1 ҳисобида якунланди.

"Агар бутун жамоа менинг даражамда ўйнаганда, биз биринчи бўлардик. Матбуот доимо мен бўшашаётганимни айтади, бироқ рақам ва статистика алдамайди. Мен бошқа ўйинчилар юқори даражада эмас, деб айтмоқчи эмасман. Хесе, Ковачич, Лукас – жуда яхши ўйинчилар. Данило эса бугун умуман энг яхши бўлди. Шерикларимни танқид қилмоқчи эмасман, бироқ "Реал"га Бензема ва Марсело каби ўйинчилар кўпроқ керак. Менга Бэйл билан ўйнаш ёқади, усиз бизга қийинроқ. Марсело билан ҳам худди шу вазият. Бизда кўп жароҳатлар бор, бу эса жамоа ўйинига таъсир кўрсатади. Бундай кўп жароҳатларнинг сабаби нимада эканлигини билмайман, балки бу ёмон даражада ўтказилган мавсумолди тайёргарлиги натижасидир", деб Роналду айтган сўзларни келтириб ўтди Marca нашри.