Қозоғистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари билан савдо айланмаси 30 фоизга камайиб кетди ва 15,7 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазирининг инвестиция ва ривожланиш бўйича ўринбосари Рахим Ўшақбоев маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"2010 йилда Божхона иттифоқи яратилгунгача Қозоғистоннинг ЕОИИ давлатлари билан савдо айланмаси 18,8 млрд долларни ташкил қилганди ва 2014 йилгача 22 млрд долларгача барқарор кўтарилиб борган. Бироқ 2015 йил натижаларига кўра, бу кўрсаткич 15,7 млрд долларни ташкил қилди, яъни деярли 2014 йилга нисбатан 30 фоизга ва 2010 йилга нисбатан 20 фоизга пасайиб кетган", деб айтди Ўшақбоев.

Ўшақбоевнинг таъкидлашича, ЕОИИ, айниқса қоида ва қонунчилик борасида, энг жадал ривожланаётган иқтисодий иттифоқлардан биридир.

"Асосийси – давлатлар ўртасида эришилган келишувларга амал қилишдир. Янги иқтисодий воқеликларга қарамасдан, биз ўз сайъ-ҳаракатларимизни сайдо айланмасидаги муаммоларни ҳал қилишга қараташимиз ва тенденцияни ўсиш йўналишида ўзгартиришимиз лозим", деб қўшимча қилди Ўшақбоев.