Клаудио Раньери: «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» чемпионлик учун асосий даъвогарлар»

Спорт 01 Март 2016 1486

Айни вақтда АПЛ турнир жадвалини бошқариб турган «Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери Лондоннинг «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» жамоаларини мавсум чемпионлиги учун асосий даъвогарлар сифатида билишини айтиб ўтди.

«Мен ўйлайманки, «Арсенал»ва «Тоттенҳэм» – асосий фаворитлардир. «Арсенал» таркибида шундай футболчилар борки, улар ҳар ўйинга ғалаба қозониш учун тушишади.

Мен «Арсенал» ва «Тоттенҳэм»нинг бу турдаги ўйинларини кузата олмадим. Мен вақтимни оилам даврасида ўтказдим ва бу вақтда телевизорда «Вест Бромвич» ўйини бўлаётганди. Айнан шу жамоа билан кейинги турда ўйнаймиз.

«Норвич» ёки «Вест Бромвич» каби жамоаларга қарши ўйинлар диққат билан ҳаракат қилишга мажбурлайди. Ўтган мавсумдаги «Вест Бромвич»га қарши ўйинимиз жуда оғир кечганди. Рақиб ҳисобни очганди, аммо биз ирода намойиш этиб, вазиятни ўзгартиргандик. Бу сафар ҳам футболчиларимдан ирода кутаман.

Кучни ўйин давомида тенг тақсимлаш ўта муҳим. «Вест Бромвич» қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилади, уларда Рондон, Сессеньон ва Бераино каби тезкор футболчилар бор. Шунингдек, бу жамоа бурчакдан тўп узатиладиган вақтларда ҳам хавфли рақибга айланишади. «Вест Бромвич» стандарт вазиятлардан 10тача гол урган», – дейди италиялик мутахассис.

Кўпроқ янгиликлар