Леонардо Ди Каприо — истеъдодли актёр, турли-туман образларга кира олади. Ижодий фаолиятини 14 ёшида бошлаган актёр мегаюлдузлар қаторида, унинг исми афишада тилга олиниши фильмнинг кассадаги муваффақиятини таъминлайди. 

11 ноябрда актёр 40 ёшини нишонлади. Шу муносабат билан Леонардо ди Каприонинг узоқ орзу қилинган “Оскар”га муносиб фильмларини эсга оламиз. 

 

“Гилберт Грейпни нима қийнамоқда?”

Бу ди Каприонинг илк жиддий иши. Актёр унда Арни — 4 ёшида қотиб қолган 18 ёшли йигитни ўйнайди. Фильмда чиндан ҳам руҳий касалликдан азоб чекаётган одам суратга тушгандек туюлади. Ди Каприонинг актёрлик истеъдоди илк бор айнан шу фильмда намоён бўлган. “Оскар” ва “Олтин глобус”га номзодлик фикримизнинг исботидир.  

 

“Пляж”

Бу фильмда ди Каприо эркин ҳаётни орзу қиладиган америкалик Ричард исмли йигитни ўйнаган. У саргузашт истаб, романтик Таиландга, қаҳрамоннинг фикрича, ердаги жаннатга бориб қолади. Бироқ ҳеч бир сирли орол одамларни зўравонлик, бешафқатлик, ҳасад, лоқайдликдан халос қилмайди. Ди Каприо бу ерда ҳам жуда яхши ўйнаган. Муҳаббати ва кураши бирдек кучли. 

 

“Нью-Йорк тўдаси”

“Тўда”да ди Каприо ғазабнок қасоскор Амстердам образида намоён бўлган. Леонардо образга кириб, севимли инсондан айрилиш азобини, ўсмирнинг ахлоқни тузатиш мактабидаги ҳолатини, қудратли кишиларга бўлган нафратини жуда яхши кўрсатиб берган. 

 

“Тута олсанг, тут мени”

Стивен Спилбергнинг “Тута олсанг, тут мени” криминал драмасидаги роли туфайли ди Каприо “Олтин глобус”га номзод бўлган, бироқ киноакадемиклар бунга парво қилишмади. Актёр Фрэнк Эбигейл — бойликка эга бўлиш учун чек қоғозлари ёрдамида фирибгарлик қиладиган қаллоб йигитни ўйнаган.  

 

“Авиатор”

Ажойиб режиссёр Мартин Скорсезенинг бу фильми Голливуднинг гуллаб-яшнаган даврида яшаган миллионер, ихтирочи ва кинопродюсер Говард Хьюз ҳақида ҳикоя қилади. Ди Каприо бирдек осонлик билан самолёт қурган, фильмлар суратга олдирган ва энг гўзал киноактрисаларнинг кўнглини олган телба даҳо образини жуда яхши гавдалантирган.  

 

“Муртадлар”

Полиция академиясининг энг яхши икки битирувчиси икки томонда бўлиб қолади: улардан бири — ҳуқуқ-тартибот органлари қаторидаги мафия айғоқчиси (Дэймон), иккинчиси — мафияга киритилган “кўрсичқон” (ди Каприо). Иккови ҳам рақибни топиб, йўқ қилишни ўзининг бурчи, деб билади. Бироқ бузилган ҳаёт уларнинг ички оламини ўзгартиради. 

 

“Қонли олмос”

Леонинг қаҳрамони Дэни Арчер — фақат бир мақсадни кўзлайди, у бриллиантларга ташна контрабандачи. Фуқаролик уруши авжига чиққан пайтда Сьерра-Леонега борганда, ҳаётининг бу даври қандай кечишини тасаввур ҳам қилмайди. 

 

“Лаънатланганлар ороли”

“Лаънатланганлар ороли” — Скорсезе ва ди Каприонинг яна бир ҳамкорликдаги иши. Фильм илк дақиқаларданоқ томошабинни ўзига жалб қилиб олади. Унда Леонардо маршалл Тедди Дэниелсни ўйнаган. У болалар қотилини излаб, Бостондан унча узоқ бўлмаган Шаттер оролидаги руҳий касал жиноятлар шифохонасига бориб қолади. Леонардо қаҳрамонининг ҳамма ҳиссиётлари, қўрқувлари, шубҳаю азобларини ўзидан ўтказаётганга ўхшайди. Мақтовга лойиқ.

 

“Ибтидо”

Леонардонинг ўғри, фирибгар ва бошқа хил жиноятчилар қиёфасига кира олиш маҳорати халқаро жиноятчи ролини қойилмақом ижро этишига ёрдам берди. У тижорат мақсадида одамларнинг тушлари оламига кира олади. Фильм сўнгги ўн йилликнинг энг яхши фантастик ишларидан бири бўлиб, саккиз номинацияда “Оскар”га номзод қилиб кўрсатилди ва тўртта ҳайкалчани қўлга киритди. Афсуски, бош қаҳрамонни ўйнаган Леонардога биттаси ҳам насиб қилмади. 

 

“Озод Жанго”

Квентин Тарантинонинг “Озод Жанго” фильмида ди Каприога ёвузлик ишларини “жентльмен” мақоми остида пинҳон тутадиган, қотил ва бешафқат Кенди роли тегди. Унинг тасаввуридаги “жентльмен” қўл сиқиш билан фойдали келишувни амалга оширибгина қолмай, тирик одамни бир тўда итлар тилкалаб ташлашига қўйиб беради.

 

“Буюк Гэтсби”

Фильм Скотт Фицжеральднинг шу номли романи асосида суратга олинган. Леонардо бу фильмда Жей Гэтсби — катта зиёфатлар уюштирадиган, ҳар доим жилмайиб турадиган, аммо унинг ҳисобига маишат қиладиганларнинг барчаси учун жумбоқлигича қоладиган бадавлат кишини ўйнаган. У қаҳрамонини жуда яхши очиб берган, рол атай ди Каприо учун ёзилганга ўхшайди. Мақсад сари олға интилувчан, орзусига етиш учун курашадиган ва ҳаммасини қайтаришга, ниҳоят, бахтга эришишга ишонадиган инсон характерини, актёр чиройли очиб берган. 

 

“Уолл-стритлик бўри”

“Уолл-стритлик бўри” комедик драмасида Леонардо жозибали, аммо бетайин, бозорда катта пул топиб, саёқ юришни ёқтирадиган молиячи Жордан Белфортни ўйнаган. Леонардо бу фильм учун “Олтин глобус” мукофотини олди, аммо “Оскар”, аввалгидек, насиб қилмади.

 

Ва ниҳоят, Америка киноакадемияси 88-марта ўтказилган тақдимотда "Энг яхши эркак актёр" йўналишидаги мукофотни "Омон қолган" фильмидаги роли учун Леонардо Ди Каприога топширди.

Шу тариқа ДиКаприо олтинчи уринишда тан олинди.

Бу йўналишдаги мукофотга Ди Каприодан ташқари Брайан Крэнстон (“Трамбо”), Майкл Фассбендер (“Стив Жобс”), Мэтт Дэймон (“Марслик”) ва Эдди Редмэйн (“Даниялик қиз”) ҳам даъвогарлик қилишганди.