1 март куни Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дато Нораини бинти Абдул Ҳамид Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад - олий ўқув юртида бугунги кунда малай тилининг ўқитилиши ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш, икки давлат ўртасида йўлга қўйилган таълимий ҳамкорлик негизида кадрлар алмашинувининг келгуси режаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Мулоқот давомида университет ректори 4та гуруҳда жами 46 нафар талаба малай тилини иккинчи тил сифатида ўрганиб келаётгани, элчихона томонидан ҳар йили эълон қилинаётган МТСР дастури орқали Малайзия университетларида малака ошираётган ўқитувчи ва талабалар фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Учрашув сўнггида меҳмонлар ЎзДЖТУ янги биносининг замонавий инфратузилмаси билан батафсил танишиб чиқишди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда университет Малайзиянинг Перлис, Султан Идрис ва Бинари университетлари билан икки томонлама хамкорликка эга.