Қаршининг «Насаф» клуби ярим ҳимоячиси Артур Геворкян Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси талқинига кўра 2015 йилги Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берган.

«Насаф» сардори ўтган мавсум давомида барқарор ўйин намойиш этди ва жамоасининг бронза медалларини қўлга киритишига катта ҳисса қўшди. Қаршининг «Насаф» клуби, шунингдек, Ўзбекистон Кубоги финалида Тошкентнинг «Бунёдкор» клубини мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор ушбу совринни қўлга киритди. Мазкур финал учрашувида Геворкян ўз голи билан жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшганди.

Таъкидлаш жоиз, Артур Геворкян ўз фаолиятида иккинчи маротаба Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилмоқда. Бунгача, «Насаф» сардори 2013 йилда ҳам ушбу совринни қўлга киритган эди. Шунингдек, Геворкян 2014 йилги мавсумда миллий чемпионат тўпурари бўлган эди.