Халқаро валюта жамғармаси Украина ҳукуматининг "ҳалоллиги" ва евробондлар бўйича "Россия олдидаги 3 млрд доллар қарзини" ҳал қилиш бўйича сайъ-ҳаракатларини ҳисобга олади. Тегишли қарорни ХВЖ директорлар кенгаши қабул қилди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги ХВЖнинг алоқалар бўйича директори Жери Райсга иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

"Биз бу масала бўйича музокара жараёнининг бир қисми ҳисобланмаймиз. Биз Россия ва Украинани музокаралар олиб боришга чақирмоқдамиз. Ҳалоллик ХВЖ директорлар кенгаши Украина бўйича иккинчи траншни тасдиқлашда ҳисобга оладиган жиҳат бўлади", деб айтди Райс.

Украинанинг Россия олдидаги "ҳалоллик билан йўл тутишидан" ташқари, ХВЖ Украинада қабул қилинган бир қатор ислоҳотлар, жумладан коррупцияга қарши кураш бўйича чораларни ҳам ҳисобга олади.

Россия молия вазири Антон Силуанов Россия Украина билан қарз бўйича адекват музокара олиб боришга тайёрлигини маълум қилди. 17 февралда Россия 3 млрд долларлик қарз бўйича Украина устидан Лондон судига даъво аризаси топширди. Украина 4 мартгача Россиянинг даъво аризасига жавоб бериши керак эди, шундан кейин суд тинглашлари бошланиши белгиланганди.