Чемпионшип (Англиянинг даража бўйича иккинчи лигаси) аъзоси ҳисобланадиган "Лидс Юнайтед" жамоаси мухлислари жамоанинг италиялик президенти Массимо Челлинодан истеъфо талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказишди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, чемпионшипнинг 35-тури доирасида "Болтон Уондерерс" жамоасига қарши кечган баҳс арафасида бир гуруҳ мухлислар "Массимо, кетадиган пайтинг келди" каби ёзувлар битилган плакатларни кўтариб чиқишган. Ундан ташқари, италияликнинг дафн маросими саҳналаштирилган. Мухлисларнинг фикрича, Челлино уларнинг севимли жамоасини ўлдирган.

Намойиш вақтида осмонда енгил моторли самолёт учиб "TIME TO GO MASSIMO" ёзувини ҳосил қилган.

5 март куни "Лидс"нинг уй стадиони бўлмиш "Элланд Роуд"да ўтказилган бу баҳс мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Мезбонлар таркибида Мирко Антенуччи дубль қайд этган, "Болтон"нинг жавоб голи эса Кайл Вулери томонидан урилган.

Айни вақтда "Лидс" 41 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалининг 16-ўрнини эгаллаб турибди.

Лондонда "Тоттенхэм" ва "Арсенал" жамоалари мухлислари орасида муштлашув келиб чиқди