"Барселона"нинг бразилиялик футболчиси Неймар Испания чемпионатидаги сариқ карточкалари йиғилиб қолгани туфайли белгиланган дисквалификациядан ўз синглиси Рафаэла Бекрамнинг туғилган кунида иштирок этиш учун фойдаланди. Бу ҳақда Бразилиядаги Globoesporte портали хабар тарқатган.

Неймар дисквалификация туфайли Ла лиганинг аввалги турида "Райо Вальекано"га қарши кечган баҳснинг 87 дақиқасида сариқ карточка олганди ва бугун бўлиб ўтадиган "Эйбар"га қарши ўйинда иштирок этмаслиги аниқ бўлганди. Ҳужумчи юзага келган танаффус вақтида синглисининг туғилган кунида иштирок этиш учун Бразилияга учиб кетган.

Футболчи бундан аввал ҳам шундай ҳаракатни амалга оширганди. У ўтган йили ҳам 8 март куни "Райо Вальекано"га қарши бўладиган баҳс олдидан сариқ карточкалари сонини орттириб олганди ва бу кунларда Бразилияга кетганди.

"Барселона"нинг кейинги ўйини 12 март куни "Хетафе"га қарши кечади ва бу ўйинда у майдонга тушиши мумкин бўлади.