Хитойнинг "Гуанчжоу Эвергранд" жамоаси дунёнинг энг қимматбаҳо клублари рейтингида Испаниянинг "Реал" жамоасидан ўзиб кетган. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги маълум қилган.

8 март куни хитойликлар жамоасининг акциялари NEEQ биржасида 3,35 млрд долларга баҳоланди. "Реал"нинг акцияларининг умумий баҳоси эса 3,26 млрд долларни ташкил этади. Бу борадаги учинчи ўрин "Манчестер Юнайтед"ники - 2,35 млрд доллар.

Ўз навбатида хитойликлар жамоасининг даромадлари юқори эмас. Манчестерликларнинг ўтган йилдаги даромади 400 млн доллар атрофида бўлгани ҳолда хитойликлар жамоаси 61 млн доллар ишлаган.

"Гуанчжоу Эвергранд" жамоасига 1954 йилда асос солинган. Айни вақтда жамоани бразилиялик таниқли мутахассис Луис Фелипе Сколари бошқармоқда. Бу жамоа 5 марта Хитой чемпиони бўлган. Шунингдек, 1 марта мамлакат кубогида ва 2 марта Хитой Суперкубогида зафар қучилган.

Жамоа қишки трансферлар вақтида 42 млн евро эвазига "Атлетико"дан Жексон Мартинесни трансфер қилди. Жамоа таркибида шунингдек Паулиньо ва Рикардо Гуларт (ҳар иккиси бразилиялик) каби тажрибали футболчилар ҳам тўп суришади.