“Одноклассники” ижтимоий тармоғи Samsung телевизорларининг Smart TV моделлари учун дастур тақдим этди.

Дастур «OK Видео» деб номланиб, ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтишни талаб қилмайди ва уни Samsung Smart TV дастурлар дўконидан дунёнинг барча чеккаларидан текинга юклаб олиш мумкин. Келажакда “Одноклассники” бошқа телевизор ишлаб чиқарувчилар учун ҳам дастурни тақдим этишни режалаштирган.

Дастурда нафақат блогерлар ва фойдаланувчилар томонидан юкланган видеороликлар, балки шериклар томонидан тақдим этилган профессионал контент – кинолар, сериаллар, мультфильмлар, шунингдек, тўғридан–тўғри узатилувчи телеканал эфирларини ҳам топиш имконияти мавжуд. Дастурдаги барча контент фойдаланувчилар учун текинга ва рекламасиз тақдим этилади.

«ОК Видео»да биринчи бўлиб, «РБК», «Дождь», LifeNews, «Мир» ва «360 Подмосковье» телеканаллари эшиттиришларини бошлашади.

Бош саҳифада энг машҳур каналлар ва видеороликлар билан бирга, шоу ва теледастурлар, сериаллар, кулгили видеолар жойлаштирилган бўлади. Видеолар кетма-кет автоматик тарзда биринчиси тугагандан сўнг кейингиси кўрсатилади.

Видеоларни томоша қилиш жараёнида ижро этишни бошқаришнинг стандарт функциялари фойдаланувчиларга тақдим этилади: видеони олдинга ва орқага айлантириш, бошқа видеога ўтказиш ва видео сифатини ўзгартириш. Видео сифатининг максимал даражаси - Ultra HD (4K). Лекин дастур интернет тезлиги ва телевизорнинг экранига мослаб сифатни ўрнатиб беради.