Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси ижрочи директори Ханс-Йоахим Ватцке жамоанинг собиқ устози, айни вақтда «Ливерпуль»да ишлаётган Юрген Клопп ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Ливерпуль»да пул кўп ва уларда янги футболчиларни трансфер қилиш бўйича муаммо бўлмайди. Юргенга вақт керак. У жамоага жанговар руҳ олиб келди. Жамоани мақсадга тўғри йўналтириш - бу Клоппнинг ўзига хос жиҳати. Унга ўз услубини жамоага сингдириш учун вақт талаб этилади. Унга 2 ёки 3 йил етарли бўлади деб ўйлайман. Кейинги қадам «Ливерпуль»нинг ЕЧЛга қайтиши бўлади. Бу эса осон вазифа эмас.

Клоппга ўз услубини муваффақиятли қўллаш учун, ҳимоявий услубда ҳаракат қиладиган жамоаларга қарши ўйнашни ўрганиш учун вақт керак. Бунга 3 ойда эришиб бўлмайди. Юрген «Боруссия»га келгач иккинчи мавсумда қаторасига 8 ўйинни ғалабасиз ўтказганди, аммо биз у билан янги шартнома тузгандик.

«Ливерпуль»да ҳам Клоппга ишонч билдиришмоқда, асосийси раҳбарият ишончидир. Шундай экан унда албатта вақт бўлади. Юрген – фантастик мураббий. Агар жамоа хўжайинлари унга ишонишда давом этишса, бу жамоа муваффақиятга эришади. Клопп Гарри Поттер эмас, у Мерлин ҳам эмас. Юрген – мураббий, чин дилдан ишлайдиган мураббий», – дейди у.