Компьютерингиз клавиатурасидаги F ва J тугмаларида кичик бўртиқ борлигига ҳеч кўзингиз тушганми ёки бунинг нима учун кераклиги қизиқтирганми? Бу ҳақда Interesting Engineering сайти жавоб берди.

Клавиатурадаги ушбу бўртиқ чизиқчалар 2002 йилгача кашф қилинмаган. Уларнинг пайдо бўлиши эса тез ва осон ёзишда ёрдам берган. Агар иккала кўрсаткич бармоқларингизни уларнинг устига қўйсангиз, клавиатуранинг барча тугмаларини босиш қулай бўлиб қолганини пайқайсиз. Шу билан клавиатурага қарамасдан ёзиш имконияти пайдо бўлган.

Баъзи кишилар клавиатурага қараб, бир дақиқада иккитагина сўз ёза олади. Бунда бўйин ҳам эгилиб туради ва зарур тугмаларга кўз югуртириб чиқиш керак бўлади. F ва J тугмаларидаги чизиқлардан фойдаланишни ўргансангиз ҳамда ҳар бир бармоқ учун қайси тугмалар мос келишини ёд олсангиз, тезроқ ёза оласиз.

F ва J тугмаларини бундай белгилашни 2002 йилнинг июнида Э. Ботич таклиф қилган. Шундан бери бу бўртиқ чизиқчалар кўпчиликнинг тез ёзишида ёрдам бериб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қанчалик тез ёза олишингизни билмоқчи бўлсангиз, бир нечта сайтлар мавжуд. Уларда дақиқасига 100 дан ортиқ сўз ёза оладиганлар учратишингиз мумкин.