Бразилия терма жамоаси сафида футбол бўйича уч карра жаҳон чемпиони бўлган афсонавий Пеле ўзининг 2 мингга яқин шахсий буюмлари, жумладан мукофотлари ва медалларини аукционга қўйди.

Сотувга қўйилган буюмлар орасида Пеле қўлга киритган барча учта жаҳон чемпионатидаги олтин медаллар ва авваллари жаҳон чемпионати ғолибларига топширилган Жюль Риме мукофоти нусхаси ҳам бор. 1970 йилда Бразилия учинчи марта жаҳон чемпиони бўлган ва Жюль Риме мукофоти, яъни жаҳон чемпионати кубогини абадий сақлаш учун олган. Бу кубок 1983 йилда ўғирлаб кетилган. Бундан ташқари, лотлардан бирида Пеле ўсмирлигида ўйнаган, ўралган пайпоқлардан ясалган қўлбола футбол коптоги ҳам бор.

"Мен мухлисларим ва коллекционерларга тарихимнинг бир қисмини сотиб олишларига имкон беришга қарор қилдим. Умид қиламанки, улар бу буюмларни қадрлайдилар ва менинг тарихимни ўз фарзандлари ва келажак авлодлар билан бўлишадилар", деб айтди Пеле.

75 ёшли "футбол қироли"нинг айтишича, аукциондаги савдолардан тушган пуллардан бир қисми Бразилиянинг Куритиба шаҳридаги болалар шифохонасига берилади.

Жюль Риме мукофоти нусхаси 400 минг доллардан бир миллион долларгача, учта олтин медаль 200 минг долларгача, Пеле 1000-голини урган тўп эса 40-60 минг долларга ссотилиши кутилмоқда.

Аукцион 7-9 июнь кунлари Лондонда бўлиб ўтади.