Auto Express нашри усти очиқ янги авлоддаги Audi R8 моделининг камуфляжсиз суратларини чоп этди. Родстер март ойи охирида Нью-Йоркдаги моторшоуда илк бор намойиш қилинади.

Audi R8 Spyder йиғилувчи механизмли юмшоқ том ҳамда том йиғилганда олинадиган орқа вертикал ойна билан жиҳозланади.

Суперкар Virtual Cockpit рақамли асбоблар панелини олади. Бу панель 3-авлод TT моделида илк бор ишлатилган ҳамда кейинроқ R8 купесининг стандарт жиҳозланиши рўйхатига киритилган.

Родстер усти ёпиқ вариантидан 100 кг га енгилроқ бўлиши тахмин қилинмоқда. Усти ёпиқ R8’нинг оғирлиги 1454 кг ни ташкил қилади.

Янги Audi R8 Spyder модели стандарт версиядаги каби 540 от кучига эга, 5,2 литрли атмосферали V10 мотори ва plus вариантида 610 от кучига эга мотор билан жиҳозланади. Родстер купедан бироз секинроқ ҳаракатланади. Бу моделнинг топ-варианти 100 км/соат тезликка 3,2 сонияда эришади, унинг максимал тезлиги эса соатига 323 км ни ташкил қилади.