Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ўзбек адабиётнинг йирик вакили, миллий руҳ уфуриб турган асарлари билан адабиёт ихлосмандлари кўнглидан ўрин олган ёзувчилардан бири эди. Унинг ҳеч бўлмаганда бир ҳикоясини ўқимаган ўзбек китобхон йўқ, десак муболаға бўлмайди.

“Бекажон” газетаси ёзувчининг турмуш ўртоғи Ўлмасхон Ҳошимова билан бўлган суҳбатни чоп этди.

У адиб ҳақида хотирлар экан, асар ёзишда ҳар бир кичик деталга жиддий ёндошиши, аниқлик учун сира эринмагани ҳақида гапиради. Масалан, “Икки эшик ораси” асари билан боғлиқ бир воқеани эслайди: “Асарни ёзаётганларида лўли хотиннинг фол очаётганидаги тош қандай аталиши уйимиздаги ҳеч ким билмади. Шунда Ўткир ака менга қараб, “Қани, отлан, бозорга борамиз”, дедилар. Одатда у киши бозорга тушмас, бозор-ўчарни ҳам ўғлим иккимиз қилардик. Ҳайрон бўлганча эргашиб, Чорсуга бордим. Лўлилар фол очадиган жойга яқинлашиб, “Қани, бориб, бир фол очир”, дедилар. Мен қўрқа-писа уларга яқинлашдим. Лўли энди тошини ташлаб, фол очишни бошлаганди нарироқда кузатиб турган Ўткир ака бизга яқинлашиб, “Бўлди, фол-мол керакмас. Менга манави тош нима дейилишини айтсанг бўлди”, дедилар. Лўли пул сўраб, тошни “мухра” деб аталишини айтди. Кўрдингизми, битта деталнинг ҳаққоний ёзилиши учун сира эринмас, ўзларини аямасдилар...”

Шунингдек, суҳбат давомида Ўлмасхон Ҳошимова адибнинг ўз асари қаҳрамонини ўлдириб қўйиб, қаттиқ изтироб чекканини ҳам таъкидлаган.