Ўзбекистон 2017 йил охиригача дунё амалиётида қабул қилинган кўрсаткичлар бўйича пахта толаси сифат кўрсаткичларини аниқлашда фойдаланиладиган 16 та Uster HVI 1000 MA замонавий автоматлаштирилган тизимларини харид қилмоқчи, деб маълум қилди Sputnik агентлиги мухбирига Ўзбекистон "Сифат" марказидаги манба.

Бугунги кунда бундай қурилмадан икки комплекти "Сифат" марказининг Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятидаги лабораторияларида синовдан ўтказилмоқда. Жорий йилда бундай тизимдан 4 тасини сотиб олиш режалаштирилмоқда, уларнинг умумий қиймати 1 млн долларга яқинни ташкил қилади. Умумий ҳисобда тизимларни сотиб олиш учун 6 млн доллардан кўпроқ маблағ йўналтирилмоқчи.

"Янги қурилмаларнинг сотиб олиниши пахта толасини сертификатлаштириш миллий тизимини динамик ва барқарор ривожланиши учун зарур. Бу нафақат маҳаллий пахтанинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга, балки хорижий харидорларга жаҳон амалиётидан таниш бўлган "оқ олтин" сифати кўрсаткич ва мезонларини тақдим қилиш ҳисобига уларнинг ишончини қозонишга имкон беради", деб айтди манба.

Пахта толаси сифатини баҳолашнинг мавжуд тизими Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ишловчи 13 та лаборатория кўрсаткичларига асосланади. Манбанинг айтишича, бу лабораторияларда ишлатиладиган қурилмалар маънавий эскирган. Охирги марта бундай қурилмалар 15 йил аввал сотиб олинган.

Янги қурилмалар пахта толасининг узунлиги, мустаҳкамлиги, аксланиш коэффициенти, сариқлик даражаси, микронейри, бир текисдалигини максимал аниқлик билан аниқлашга имкон беради. Бундан ташқари, ўзбек стандартларига кўра толанинг нави ва синфи, ҳамда ундаги нуқсон ва ёт қўшимчалар борлиги ўрнатилади. Кўрсаткичлар ҳаво ҳарорати ва намлигига қўйилган қатъий талабларга риоя қилинган ҳолда ўлчанади. Бунинг учун иқлимни назорат қилувчи махсус тизимлар харид қилиш режалаштирилмоқда.

Мутахассислар, шунингдек, Тошкентдаги лаборатория билан вилоятлардаги лабораториялар маълумотлар базасини бутун дунё бўйича харидорлар билан уйғунлаштирувчи инновацион ахборот тизимини ривожлантириш устида иш олиб бормоқдалар. Бу синалаётган пахта толаси партиясининг сифати ва миқдори, техник уруғлар ва линт ҳақида тезкор равишда маълумотлар алмашишга имкон беради.

"Ҳозирда биз қизиқарли дастур – пахта толаси миллий маълумотлар базасини яратдик, унда Ўзбекистонда етиштириладиган барча пахта навларининг ўнта сифат кўрсаткичи бўйича маълумот сақланади. Мисол учун, охирги йилларда пахта толасининг нав ва синфлар бўйича яхшиланиши кузатилмоқда. 2014 йилда юқори навдаги толалар улуши 94 фоизни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 95,6 фоизни ташкил қилди", деб айтди манба.